«ПСЖ» клубининг грузиялик ярим ҳимоячиси Хвича Кварацхелия фаолиятини Европанинг бошқа бир топ-клубида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда Teamtalk нашри журналистлари хабар бермоқда.
Манбага маълум бўлишича, мадриднинг «Реал» клуби вингерни ўз сафига қўшиб олишга жиддий қизиқиш билдирмоқда. «Қироллик клуби» раҳбарият футболчининг трансфери учун 150 миллион евро маблағ ажратишга тайёр.
2025/2026 йилги мавсумда Кварацхелия Париж гранди сафида 48 та учрашувда майдонга тушди. Грузиялик футболчи ушбу ўйинларда 19 та гол урди ва 11 та голли узатмага муаллифлик қилди. Хвичанинг Париж клуби билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг июнь ойи охирига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали экспертлари унинг трансфер баҳосини 140 миллион еврога баҳолашмоқда.