Енгил вазн тоифасида амалдаги UFC чемпиони Ислам Махачевнинг қачон октагонга қайтиши кўпчиликни қизиқтирмоқда.
Чемпионнинг жамоадоши Ҳабиб Нурмагомедовнинг хабар беришича, Ислам бу йил ҳисобидан бошқа ҳимоя жангини ўтказмайди.
"UFC жуда тез ўсиб, ривожланиб бораётган спорт тури ҳисобланади. Бу Лигада тез-тез янги номлар, кашфиётларга гувоҳ бўляпмиз. Чорловлар етарлича. Камар учун янги даъвогарлар ҳам бисёр. Ислам учун ҳар доим муносиб рақиблар бўлган. У ҳозир нафақат ўз вазни чемпиони, балки вазн тоифасидан қатъи назар дунёнинг энг кучли жангчиси ҳам бўлиб турибди. Ҳа, айнан ҳозир у энг кучлиси!
UFC бизга январь ойида жанг ўтказиш таклифини берди. Биз уни қабул қилдик. Тез орада UFC бу жангни расман эълон қилади. Исламнинг қачон ва кимга қарши октагонга чиқишини тез кунларда билиб оласиз. Мен бу маълумотни ҳозир айта олмайман. Бунга ҳақим йўқ", — деди Ҳабиб.