Электр токи уриши оқибатида вафот этган ходимнинг оиласига 126 миллион сўм зарар пули ундириладиган бўлди.
Қашқадарёлик Ф.Абдиев 2023 йил 28 июн куни пахта титиш корхонасида меҳнат вазифаларини бажараётган вақтда электр токи уриши оқибатида вафот этган. Бироқ, вафотидан сўнг унинг оиласига корхона томонидан моддий ёрдам кўрсатилмаган.
Марҳумнинг турмуш ўртоғи Ф.Усмонова корхона томонидан тўланиши лозим бўлган бир марталик нафақа ҳамда ойма-ой зарар тўловларини ундиришда амалий ёрдам сўраб, Қашқадарё вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилган.
Фуқаронинг мурожаати белгиланган тартибда ўрганиб чиқилиб, фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро судига даъво аризаси киритилган. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан Ф.Усмонова фойдасига (ўзи ва вояга етмаган 2 нафар фарзанди учун) 126 миллион сўм миқдоридаги пул маблағларини ундириш белгиланди.