Русланбек Давлетовнинг тушунтиришча, иш берувчиларга эпидемия шароитида эмланмаган ходимини ишдан четлатиш ҳуқуқи берилмоқда, бироқ вакцина олмаслик – ходимни ишдан бўшатиш учун тўғридан тўғри асос бўла олмайди.
Адлия вазири Русланбек Давлетов мажбурий эмлашни назарда тутувчи қонун юзасидан шарҳ берди.
Қонун 31 июль куни Сенат ялпи мажлисида маъқулланди. Мажлисда қатнашган Давлетовнинг изоҳлашича, эпидемия тарқалган шароитда давлат тавсиясига кўра эмланмаслик фуқароларга нисбатан жавобгарликни келтириб чиқармайди.
“Фуқаро вакцина олишни рад этса, ҳеч ким уни мажбурлаб, тиббиёт муассасасига олиб бормайди. Бунақа нарса умуман кўзда тутилмаяпти.
Агар фуқаро эмланишни рад этса, бунинг ҳуқуқий оқибатлари учун ўзи масъул бўлади. Эмланмаслик нималарга олиб келиши мумкин? Унинг жамоат фаолияти, меҳнат ҳуқуқлари чекланиши мумкин. Агар йўқ деса, демак, [иш берувчининг талаби билан] ишга кела олмайди”, – деди у.
Вазирнинг аниқлик киритишича, эмланишни рад этиш ходимни ишдан ҳайдаш учун тўғридан тўғри асос бўла олмайди.
“Меҳнат кодексининг 100-моддасига асосан, иш берувчи бундай ҳолатда ходимини ишдан ҳайдай олмайди, ишдан четлатади. Ишдан четлатиш – умуман бошқа нарса.
Бугунги кунда ҳам иш берувчи муайян ҳолатларда ходимни ишдан четлатишга ҳақли; бунга, масалан, ходим ишга маст бўлиб келиши, ёки тиббий комиссия хулосаси асосида қандайдир муолажаларни олмагани асос бўлиши мумкин.
Мана шулар қаторига вакцина олиш ҳам киритиляпти. Яъни ходим эмланмаган бўлса, иш берувчи уни ишдан четлатишга ҳақли бўлади. Ходим ишдан четлатилган вақт учун унга ойлик тўланмайди, буни ҳам эътиборга олиш керак”, – деди Русланбек Давлетов.
Адлия вазирлиги раҳбари мажбурий эмланиш ва инсон ҳуқуқлари масаласига тўхталди.
“Бир инсоннинг ҳуқуқи бошланган жойда иккинчи инсоннинг ҳуқуқи тўхташи керак. Инсон ҳуқуқлари деганда... масалан, солиқ тўлаш ҳам – инсон ҳуқуқларини чеклаш, чунки у сиз топаётган даромадингизни эркин тасарруф этиш ҳуқуқингизни чеклайди, лекин қонунда белгилангани учун солиқ тўлашга ҳамма мажбур.
Юқори стандартда ишлайдиган халқаро суд инстанциялари ҳам бу масалага нуқта қўйиб берган: мажбурий эмлаш қонуний, жамоавий ҳуқуқ ва манфаатлар ҳар доим индивидуал ҳуқуқдан устун туради. Бу ерда жамоат хавфсизлиги тўғрисида гап кетяпти”, – деди Давлетов.