Гаагадаги Халқаро суд (ХС) чоршанба куни тақдим этган иқлим бўйича ҳисоботида иқлим ўзгариши “яшашга таҳдид солувчи хавф” деб аталди. Шу сабабли, Суд фикрига кўра, бу муаммога қарши курашиш сайёрадаги барча давлатлар учун мажбурий ҳисобланади. Буни бажармаётганлар эса “халқаро ҳуқуққа зид ҳаракат қилмоқда”, деди суд раиси Юдзи Ивасава.
Бундай талқиннинг асоси сифатида инсон ҳуқуқлари, жумладан, соғлиқни сақлаш ҳуқуқи ва муносиб ҳаёт даражаси ҳуқуқлари кўрсатилди. Халқаро суд таъкидлашича, иқлим ўзгаришининг оқибатлари бу ҳуқуқларни сезиларли даражада бузиши мумкин. Бу эса “ҳуқуқий оқибатлар”га олиб келиши мумкин, жумладан, зарар кўрган давлатларга компенсация тўлаш каби мажбуриятлар юзага келади.
Бундай компенсацияларни аллақачон БМТ Олий судида кичик орол давлатлари ва ривожланаётган мамлакатлар талаб қилган. Улар, айниқса, кўп миқдорда иссиқхона газлари чиқараётган ривожланган давлатлардан товон ундиришни сўрамоқда. Уларга кўра, бу давлатлар иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича ўз мажбуриятларини етарли даражада бажармаяпти.
Шунингдек, Халқаро суд таъкидлашича, компенсациялар бўйича якуний қарор ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқилгандан кейингина чиқарилиши мумкин. Бундай жараёнлар жуда мураккаб бўлиши кутилмоқда. Лекин Гаага судининг бу қарори, гарчи у мажбурий ҳуқуқий кучга эга бўлмаса-да, келажакдаги суд ишларига, жумладан, давлатлар ва ташкилотлар ўртасидаги даъволарга катта таъсир кўрсатиши мумкин.