Project Syndicate хабар беришича, мамлакатлар ичидаги сиёсий тўсиқлар ва глобал саммитлардаги келишмовчиликларга қарамасдан, иқлим ўзгариши ва экотизимларнинг деградацияси иқтисодиёт учун инкор этиб бўлмайдиган кучли турткини шакллантирмоқда.
Энг йирик иқтисодиётларда энергетик ўтиш энди назария эмас. Германия 2024 йилда электр энергиясининг тахминан 63 фоизини ҚТЭМдан ишлаб чиқарди. Ҳиндистон бу кўрсаткични қарийб 46 фоизга етказди. АҚШда 2024 йилда ишга туширилган янги генерация қувватларининг 90 фоиздан ортиғи ҚТЭМ ҳиссасига тўғри келди — асосан қуёш энергетикаси. Бразилияда электр энергиясининг 88 фоизи қайта тикланувчи манбалардан ишлаб чиқарилади. Глобал миқёсда қуруқликдаги шамол ва қуёш генерацияси энди қазиб олинадиган ёқилғига асосланган энг арзон вариантлардан ҳам 40–50 фоиз арзон.
Қазиб олинадиган ёқилғи ҳозирги тизимда ҳали устун, аммо ҳозир барпо этилаётган келажакда унга деярли жой қолмаяпти. Тоза энергетика иқтисодиёти аллақачон ғалаба қилди ва унинг устунликлари кенгайиб бормоқда. Умумий таъсир очиқ-ойдин: паст углеродли тизимларнинг нарх бўйича устунлиги циклик эмас, балки тузилмавий тус олди.
Айни пайтда иқтисодий ўтиш фақат энергетика билан чекланиб қолмайди. Глобал биоиқтисодиёт — материаллар, энергия, кимё ва қишлоқ хўжалигида қайта тикланувчи биологик ресурслардан фойдаланувчи соҳалар — бугун тахминан 4 трлн АҚШ долларига баҳоланмоқда ва прогнозларга кўра 2050 йилга бориб қарийб 30 трлн долларга етади, бу эса жорий жаҳон ЯИМининг тахминан 30 фоизига тенг. Табиат стратегик инфратузилма шаклига айланиб, мамлакатларга декарбонизация, рақобатбардошлик ва барқарорликка олиб борувчи йўлни таклиф қилмоқда. Келажак — барқарор бўлмаган истеъмол ва тугатишда эмас, балки қайта тикланувчи биологик ресурслардадир.