Хитойнинг шимолидаги Ички Мўғулистон автоном вилоятидаги заводда содир бўлган портлаш икки кишининг ҳаётига зомин бўлди ва беш киши бедарак йўқолди.
Бу ҳақда Xinhua агентлиги маҳаллий ҳокимиятга таяниб хабар бермоқда.
"Якшанба куни тушдан кейин Баотоу шаҳрининг ғарбий қисмидаги Baogang United Steel заводида кучли портлаш содир бўлди", дейилади баёнотда.
Қутқарув хизматларининг маълумотларига кўра, 66 киши жароҳат олган ва касалхонага ётқизилган, улардан уч нафари оғир аҳволда.
Воқеа жойига автоном вилоят ва шаҳардан қутқарув гуруҳлари юборилган. Портлаш сабаби текширилмоқда.