Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

iPhone муаллифи Стив Жобс ҳақида биласизми?

iPhone муаллифи Стив Жобс ҳақида биласизми?

Технология оламида инқилоб ясаган Стив Жобс ҳақида билмаган ва эшитмаган одам кам учраса керак. У барпо этган Apple компанияси ҳозирги кунда ҳам бутун дунёга энг замонавий IT технологияларини тақдим этиб келмоқда.

Стив Жобс 1955 йилда АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида туғилган. Унинг отаси суриялик, онаси эса келиб чиқиши немис бўлган. Улар университетда танишган. Онаси талаба эди, отаси эса ўша ерда ишларди. Бироқ қиз оиласининг қаршилиги туфайли ёшлар тез орада ажралишди. Стив туғилганидан сўнг онаси уни келажакда ўқитиш шарти билан Жобслар оиласига бериб юборди.

Вақт ўтиб Стив ва унинг синглиси технологиялар маркази ҳисобланган Маунт Вью шаҳрига кўчиб ўтишди. Стив коллежда ўқиб юрган кезлари унинг электроникага қизиқиши ортди ва махсус тўгаракка қатнашди.

Балоғат ёшига етган ёш Стив бизнесдаги шериги ва дўсти Возняк билан танишди. Возняк ҳам Жобс сингари электрониканинг ашаддий мухлиси эди. Улар биргаликда янги электрон технологиялар яратиш устида ишлай бошлади.

Уларнинг биринчи ихтироси – бу телефон тизимини бузишга қодир бўлган технология эди. Мазкур технологияни мўмайгина пулга сотишди.  Бу орада Стив электрон ўйинлар дастурлаш билан шуғулланадиган “Атапи” компаниясига ишга кирди ва тажрибасини оширди.

Возняк эса бу вақтда Стив Жобс ёрдамида ўз дастурларини яратишни бошлади.  Бироз вақт ўтгандан сўнг Вознякнинг дастурлари яхши фойда келтириши мумкинлигини англашди ва маблағ топиб, ўз компанияларига асос солиш қолганди. Тез орада технологиялар бозорида янги Apple компания пайдо бўлди. Бу орада Жобс олдинги ишидан бўшади. Отасининг омборхонаси уларнинг биринчи офиси бўлиб хизмат қилди.

Янги компаниянинг илк маҳсулотлари жуда оддий эди. Лекин 1970 йиллар ўрталарига келиб, Возняк махсус полихром (рангли) дастурлар яратишни бошлади. Жобс бу вақтда компанияни ривожлантириш йўлларини қидирди. Сармоячилар ва бизнес шериклар топишга ва Возняк дастурларини бозорга чиқаришга ҳаракат қилишди. Стив ўзининг нотиқлик қобилияти билан сармоядорларни ва истеъмолчиларни жалб қилишнинг уддасидан чиқди. У компания маҳсулотларининг рекламаси, кўргазмаси билан шуғулланади. Жобс ва Возняк томонидан асос солинган Apple компанияси кўплаб қийинчилик ва саъй-ҳаракатлардан сўнг дунёнинг гигант компанияларидан бирига айланди.

Компания ривожлангани сари, зиддиятлар ҳам ортиб борди. Бу ҳолат, айниқса, раҳбарлар ўртасида кўзга ташланди. Натижада 1984 йилда Стив ўзи барпо этган компаниядан кетди ва Next номли бошқа компанияга асос солди. Стивнинг янги компанияси ҳам электрон технологиялар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилди.

Ўша вақтнинг ўзида Стив Next билан бир қаторда, ноодатий бўлган Pixar мультипликацион компаниясини сотиб олди. Pixar компанияси Стив Жобс раҳбарлигида кўплаб мультфильмлар яратди. Уларнинг орасида энг машҳур бўлгани “Ўйинчоқлар тарихи” мультфильми. Бу икки компания Жобсга яхшигина даромад келтирди.

Ўн йил ўтиб, 1990 йиллар сўнггида Жобс Appleга қайтди ва тарихда энг кўп сотилган янги авлод компьютерларини яратишни бошлади. Бундай маҳсулотлар iMac номи остида чиқарилди. Аста секин Жобсда йирик бўлмаган янги ва ихчам компьютер яратиш ғояси туғилди. Шу тарзда ҳозирги кунда энг машҳур ва энг оммабоп  ҳисобланган афсонавий iPhone дунёга келди.

2000 йиллар ўрталарида Жобсда ошқозон ости бези саратони аниқланди. У илгаригидек, саҳнада Appleнинг янги маҳсулотларини тақдим этишда давом этди. Бироқ бу илгариги Стив Жобс эмасди. Хасталикдан азият чекаётган Жобс умрининг сўнгги дақиқасигача ўзи барпо этган Apple билан бирга бўлди. XXI асрнинг буюк инсонларидан бири, IT – технологиялари оламида инқилобчи бўлган Стив Жобс 2011 йилда вафот этди.

Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.

Manba: zarnews.uz

Киритилди: 06:15 01.10.2019. Ўқилди: 3495 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!