4 июль куни Самарқанд шаҳридаги “Silk Road Samarkand” сайёҳлик мажмуасида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ташкил этилганининг 5 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ҳамда жорий ўқув йили битирувчиларига диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирни университет ректори Азиз Абдуҳакимов кириш сўзи билан очиб, университетнинг 300 нафар битирувчиларига табрик сўзи билан мурожаат қилди.
– Бугун Марказий Осиёда ва мамлакатимизда ягона Халқаро туризм ва маданий мерос университети ташкил этилганининг 5 йиллигини нишонлар эканмиз, янги битирувчиларни катта ҳаётга кузатяпмиз. Замонавий таълим олиш, касб-ҳунар, жамиятда муносиб ўрин эгаллаш учун янгиланган Конституциямизда белгиланган бебаҳо имкониятлар айнан сиз учун, – деди ректор.
Шунингдек, Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади:
– 2023 йилда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилган махсус Давлат дастури қабул қилиниб, соҳа ривожини янги босқичга кўтариш, ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳукуматимиз ҳар йили чет эллик талабаларга “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетининг магистратура босқичида таҳсил олиш имконияти учун 85 та квота ажратади. 2022/2023 ўқув йилида 8 нафар, 2022/2023 ўқув йилида эса 48 нафар чет эллик талаба қабул қилинди”.
2018 йил июль ойида Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети очилган эди. Туризм соҳасида олий таълим муассасасини очиш ташаббуси 2018 йил июнь ойида Хитойнинг Синдао шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган эди.
“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетининг илмий ишлар бўйича проректори, профессор Раймонд Жозеф Хофман университетнинг улкан муваффақиятлари ҳақида гапирди.
“Университетнинг учта йирик кафедраси ўқитувчилари туризм, чет тиллари ва глобал тадқиқотлар йўналишлари бўйича дарс беришади, шунинг учун биз Ўзбекистонда бу йўналишда билим берадиган ягона университетмиз. Талабаларимиз туризм ва бу соҳадаги тенденциялардан хабардор, улар Самарқанд ва бутун Марказий Осиё мероси ҳақида билишади, шунинг учун ҳам худди шундай университет топиш учун Ўзбекистондан ташқарида жуда узоқ йўл босиб ўтишингиз керак”.
Тадбир давомида университет билан ҳамкорлик қилувчи туристик фирма ва ташкилотлар вакиллари, университетнинг фаол профессор-ўқитувчилари ва ходимлари ташаккурномалар билан тақдирланди.
Тадбир сўнгида олий ўқув юртлари битирувчиларига дипломларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.