Иордания қироли Абдулла II ҳарбий ҳаракатлардан сўнг Ғазо секторини Фаластин анклавидаги аҳолини кўчирмасдан қайта қуришга чақирди.
Бу ҳақда қирол Оқ уйда АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашув якунлари бўйича ўзининг Х саҳифасида ёзган.
"Учрашувда мен Иорданиянинг Ғазо ва Ғарбий Соҳилдан фаластинликларнинг кўчирилишига қарши қатъий позициясини яна бир бор тасдиқладим. Бу араб давлатларининг умумий позициясидир. Ғазони аҳолисини кўчирмасдан қайта тиклаш, шунингдек, сектордаги оғир гуманитар вазиятни ҳал қилиш ҳамма учун устувор вазифа бўлиши керак", - деди қирол.
Унинг қўшимча қилишича, у “минтақада ҳамма учун адолатли ва кенг қамровли тинчликка эришиш учун ҳамкорлар билан самарали ишлашда” давом этиш ниятида.
Эслатиб ўтамиз, 4 февраль куни Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяху билан Оқ уйда бўлиб ўтган музокаралардан сўнг ўтказган қўшма матбуот анжуманида Трамп Вашингтон Ғазо секторини Яқин Шарқдаги тинчлик манфаатлари йўлида ривожлантириш мақсадида унга узоқ муддатли эгалик қилиш масаласини кўриб чиқаётганини маълум қилган эди.