21 аср – ахборот технологиялари тараққиёти асри. Бугунги кун тараққиётини жаҳон ахборот тармоғи-интернетсиз тасаввур қилиш мушкул.
Маълумки, интернет-ахборот ва ҳужжатларнинг ўзаро алмашинишини таъминлайдиган компьютер тармоқларини бирлаштирган халқаро тизимдир.
Интернет кенг имкониятлар эшигини очди. Уйдан кўчага чиқмай туриб глобал тармоқ орқали дунё кутубхоналари бўйлаб сайр қилиб, курраи заминнинг нариги чеккасида жойлашган олий таълим муассасасининг масофавий (виртуал) талабаси бўлиш, ҳатто электрон хизматларни (матнларни таржима қилиш, видео ва аудиомаҳсулотларни тайёрлаб бериш, китоб ва рисолаларни саҳифалаш ва ҳоказо) шартнома орқали бажариш, пул ишлаб топиш мумкин. Хуллас, интернетнинг ижобий жиҳатлари бисёр.
Ижтимоий тармоқлар ёки мессеннжерларнинг қулайлиги-чи? Онлайн конференциялар ўтказиш, онлайн малака ошириш, яқинлар ва таниш-билишлар билан тез, арзон видео ёки аудиомулоқот қилиш.
Мана шу жиҳатлари билан интернет кейинги пайтларда жозибадорликда телевидение, радио ва бошқа ахборот воситаларини ортда қолдирмоқда.
Лекин интернет кўплаб фойдали жиҳатлари билан бирга салбий оқибатларини ҳам намоён қилмоқда. Аҳолида айниқса ёшларда ахборот истеъмоли маданиятининг сустлиги, турли хабарлар оқимидан кераклигини ажратиб олишда билим, малака ва кўникманинг етишмаслиги баъзиларнинг ғаразли кимса ва оқимлар таъсирига тушиб қолишларига, интернет қарамлиги касаллигига йўлиқишларига сабаб бўлмоқда. Хитой Халқ Репспубликасида интернетга қарамлик касаллик сифатида эътироф этилиб, уни даволовчи махсус шифохоналар ташкил этилгани сўзимизнинг исботидир.
Глобал тармоқ натижасида юзага келган энг катта муаммо, бу, албатта, қарамлик, тобелик касаллигидир. Ёшларнинг кўп вақтини инернетда ўтказишлари глобал муаммога айланиб улгурган. Бугун интернет айрим ёшлар учун машҳур ёзувчи Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб” асари қаҳрамони Ҳошимжон топиб олган сеҳрли қалпоқчадир.
Умуман, интернетга қарамликнинг энг оғир жиҳати реал оламни, инсонийлик бурчи ва вазифаларини унутишдир. Инсон ҳақиқий ҳаётда яшаши, ҳалол меҳнат қилиши, илм олиши, зиммасидаги вазифаларини сидқидилдан бажариши, элу юртига фидойилик билан хизмат қилиши, атрофдагиларга фойда келтириши зарур.
Интернетда кўп вақтини ўтказадиган инсоннинг руҳиятида мавҳумлик ва ўз қобиғига ўралиб олиш ҳолати кузатилади. Бу эса уни келажакда “учинчи кучлар” томонидан манқуртлашиши, зомбилаштирилиши учун замиин яратади. Бугунги кунда бузғунчи гуруҳлар ёшлар онгига таъсир қилишда асосан интернетдан фойдаланаётганлари бежиз эмас.
Интернетнинг яна бир салбий жиҳати-кишилардаги худбинлик, манманлик, замонавий тилда ифода этганда, эгоцентризм иллатининг кучайишига сабаб бўлишидир.
Бугунги дунё ёшлари-сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлоддир, чунки улар 2 миллиард кишини ташкил этмоқда. Бугун интернет маданияти, виртуал маданият, ахборот маданияти, маълумотлардан тўғри фойдаланиш маданияти каби тушунчалар ҳаётимиздан ўрин эгаллади. Ёшларда интернет оламида ўз ўрнини тўғри белгилаш ва фойдаланувчилар билан тўғри муомала қилиш, виртуал оламдаги ахборотларни тўғри таҳлил қилиш малакасини шакллантириш давр талабидир.
Жиноят ишлари бўйича
Томди туман суди архивариуси
Насиба Баракаева