Бугун 23 ноябрь, 2024 йил, шанба

O'ZB

Интернет орқали гиёҳванд моддаларни ўтказиш ҳам жавобгарликка сабаб бўлади

Интернет орқали гиёҳванд моддаларни ўтказиш ҳам жавобгарликка сабаб бўлади

Ўзбекистонда гиёҳванд моддаларни тайёрлаш, сақлаш, ўтказиш ва сотишга доир жиноят учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Жумладан, вояга етмаган шахсни гиёҳвандлик воситалари истеъмол этишга жалб қилишга ҳам.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикасининг «Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуни лойиҳаси муҳокамага ташланди.

Гиёҳванд моддаларни сақлаш, тарғиб қилиш ва ўтказишга доир жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган моддаларга қўшимчаларни назарда тутган қонун лойиҳаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тайёрланган.

Қонун лойиҳасига кўра, Жиноят кодексида қуйидаги ўзгартиришлар назарда тутилмоқда:

1. 127-модда (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш)нинг иккинчи қисми чиқариб ташланади.

Ушбу модданинг иккинчи қисми вояга етмаган шахсни гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар истеъмол этишга жалб қилиш учун жазони назарда тутган.

2. 273-модда (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш)нинг

3-қисми диспозициясининг «г» банди қуйидаги таҳрирдаги «г» ва «д» бандлар билан алмаштирилади:

г) ўқув юртларида ёки ўқувчилар, талабалар ўқув, спорт ва жамоат тадбирларини ўтказадиган бошқа жойларда;

д) телекоммуникация тармоқларида, шунингдек интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса.

Шу модданинг 5-қисми диспозициясидаги «сотиш» деган сўз «ўтказиш» сўзи билан алмаштирилади.

3) 274-модда (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш)да:

2-қисмининг диспозициясидаги «в» банди қуйидаги таҳрирдаги «в», «г», «д» ва «е» бандлар билан алмаштирилади:

в) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;

г) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;

д) вояга етмаган шахсга нисбатан;

е) телекоммуникация тармоқларида, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса.

Шунингдек, 274-модда қуйидаги мазмундаги 3-қисм билан тўлдирилади:

«Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келса, –

беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».

Илгари 127-модданинг иккинчи қисмига кўра, вояга етмаган шахсни гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар истеъмол этишга жалб қилиш 360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланган бўлса, энди 274-моддаси 2-қисми «в» банди билан 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги мазмундаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилади:

1) 1892-модда билан тўлдирилади:

«1892-модда. Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалари, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларни тарғиб қилиш

Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалари, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларни қонунга хилоф равишда тарғиб қилиш, шунингдек реклама ва намойиш этиш, –

гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалари, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларни тарғиб қилувчи воситаларни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 50 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, -

гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалари, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларни тарғиб қилувчи воситаларни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 400 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 100 бараваридан 450 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Янги модда қўшилиши сабабли, 245-модданинг биринчи қисми «189-1» рақамидан кейин «189-2» рақами билан тўлдирилади.

Киритилди: 22:47 19.10.2021. Ўқилди: 2141 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!