1945 йил 6 августда эрта тонгда Япония ҳаво ҳужумига қарши мудофаа қўшинлари Ҳиросимага АҚШ жанговар самолётларининг кичик гуруҳи яқинлашётганини пайқаган, бироқ қўмондонлик уларни уриб тушириш қарорини қабул қилмаган.
Оқибатда Қўшма Штатлар Б-29 Энола Гай бомбардимончи самолёти ҳеч қандай қаршиликка учрамай, шаҳар марказидан учиб ўтган ва “Кичкинтой” деб номланган ядро бомбасини шаҳарга ташлаган.
Бомба портлаши оқибатида 100 мингга яқин киши бир зумда ҳалок бўлган. 1945 йил охиригача қурбонлар сони 140 минггача ошган, яна ўн минглаб одамлар бир неча ўн йиллар давомида нурланиш оқибатидан азият чекиб яшаган.
Ҳиросима шаҳри ядровий зарба бериш учун бежиз танланмаган. Чунки бу шаҳар максимал даражада қурбонлар ва вайронагарчиликларга эришишга имкон берувчи барча мезонларга мос келган. Шаҳар тоғлар қуршовидаги текисликда жойлашган бўлиб, паст ва енгил алангаланувчи ёғоч иншоотлардан иборат бўлган. Ядро бомбардимони оқибатида Ҳиросима бутунлай вайрон бўлган.