Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди 2014 йилда Донбасс узра 298 кишининг ўлимига сабаб бўлган Malaysia Airlines авиакомпаниясининг MH17 рейсини уриб туширилиши ортида Россия турган, деган қарорга келди.
Associated Press агентлиги хабар беришича, халқаро суд MH17 ҳалокати учун биринчи марта Россияни жавобгар деб топмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди яна бир қарорида Россия Украинадаги уруш пайтида халқаро ҳуқуқни бузганини таъкидлаган. Бу биринчи марта халқаро суд Москвани 2022 йилда Украинага кенг кўламли бостириб кириши чоғида инсон ҳуқуқлари бузилишида айбдор деб топди.
Суд Россияга қарши Украина ва Нидерландия томонидан қўзғатилган ишларни кўриб чиқиш чоғида шундай қарорлар қабул қилган. АР ҳар қандай қарор асосан рамзий маънога эга бўлишини таъкидлайди - 2022 йилдан бери Россия суд қарорларини бажармаяпти.
"Россия Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарорларини ҳақиқий эмас деб ҳисоблайди ва уларни амалга ошириш ниятида эмас”, деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Эслатиб ўтамиз, Malaysia Airlines авиакомпаниясининг Амстердамдан Куала-Лумпурга учаётган Boeing самолёти 2014 йилнинг 17 июлида Украинанинг сепаратистлар назоратидаги шарқий қисмидан Россияда ишлаб чиқарилган "Бук" ракетаси билан уриб туширилган эди. Барча 298 йўловчи ва экипаж аъзолари, жумладан 196 Нидерландия фуқароси ҳалок бўлган.
Нидерландия суди 2022 йил ноябрида ўзини Донбасс ҳалқ республикаси деб эълон қилган собиқ мудофаа вазири Игорь Стрелков ва яна икки кишини самолётни қасддан йўқ қилиш ва қасддан одам ўлдиришда айблаб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Иш бўйича яна бир айбланувчи оқланди.