Бугун 23 декабрь, 2024 йил, душанба

O'ZB

Инклюзив таълим йўналишида ҳамкорлик йўлга қўйилади

Инклюзив таълим йўналишида ҳамкорлик йўлга қўйилади

Жорий йилнинг 20 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги хизматлар қамровини янада кенгайтириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ногиронлиги бўлган шахсларни ўқитиш, ишга жойлаштириш ва спортга жалб қилиш бўйича миллий тизим яратилиши, уларнинг ўқиши, касб-ҳунар ўрганиши ва ишлаши учун тўсиқсиз муҳит яратиш чоралари кўрилиши, бунда ногиронликни касалликка қараб эмас, балки шахснинг мустақил ҳаракати, ўзини ўзи эплаши, мулоқот қобилияти ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокига қараб белгилаш тизимига ўтилиши таъкидланиб, ана шу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган қатор вазифалар берилган эди.

Видеоселекторда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, инклюзив таълим қамровини кенгайтириш, ана шу тоифадаги ёшларга қўшимча шарт-шароитлар яратиш борасидаги ишлар кўламини кенгайтириш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Андижон давлат педагогика институти ректори, профессор Бахтиёржон Расулов Хўжаобод туманидаги заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаси ҳамда Имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган 17- кар болалар махсус мактаб-интернатида бўлди.

Институт ректори Хўжаобод туманидаги заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасасидаги таълим жараёнлари, олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Таъкидлаш керакки, 1968 йилда ўз фаолиятини бошлаган мазкур мактаб-интернат заиф эшитувчи болаларга мўлжалланган Фарғона водийсидаги ягона таълим муассасаси ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу мактабда «Замин» фонди васийлигида 225 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мактаб- интернатда 4 та тайёрлов гуруҳи, 22 та академик синфларда 65 нафар дефектолог ва сурдопедагог иш олиб бормоқда.

Шундан сўнг институт ректори Имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган 17- кар болалар махсус мактаб-интернатида бўлди. Мактаб 1985 йилда очилган ушбу мактабда бугунги кунда 215 нафар ўқувчига 140 нафар педагог-ўқитувчи таълим бериб келмоқда.

Ректор юқоридаги мактабларда ногирон болаларнинг ўқиши учун зарур шарт-шароитлар, қўшимча қулайликлар яратиб берилганлигини эътироф этди. Жисмоний имконияти чекланган ёшларнинг қизиқишлари, келажак режалари хусусида мутахассислар кўмагида улар билан мулоқот ўтказилди. Мулоқотларда ёшлар ўқишга, илм олишга бўлган иштиёқлари баланд эканлигини таъкидлади.

Келгусида ушбу таълим муассасалари билан Андижон давлат педагогика институти ҳамкорлигини йўлга қўйиш, мактаблар битирувчилари учун институтда “Очиқ эшиклар куни”ни ўтказиш, жисмоний имконияти чекланган ёшларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, уларни олий таълимга қамраш, шунингдек, ҳамкорликда инклюзив таълимни ривожлантириш, таълим методлари ва дастурларини ишлаб чиқиш юзасидан келишиб олинди.

Киритилди: 09:28 26.02.2024. Ўқилди: 1255 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!