14 октябр тонгида украин ҳарбийлари SpaceX компанияси Украина қуролли кучлари фронтда фойдаланиб келаётган Starlink сунъий йўлдош алоқаси терминаллари фаолиятини чеклаётгани ҳақида хабар бера бошлади. Чекловлар Starlink’нинг Starshield деб номланган ҳарбий версиясига таъсир қилмоқда, бу эса сунъий йўлдош алоқасидан фойдаланадиган дронлар тезлигига таъсир қилади.
Starshield тезроқ ишлайди ва учувчисиз учиш аппаратлари операторлари учун ўта зарур ҳисобланади. Дронларга ўрнатиладиган оддий Starlink соатига 160 километргача тезликда ишлайди, аммо у баъзи вазифаларни бажариш учун етарли эмас, деб тушунтиради “Украинская правда”нинг Украина қуролли кучларидаги суҳбатдоши. Командирлардан бири нашрга ҳавога кўтарилган иккита дрон алоқани йўқотгани ва миссияни давом эттира олмаётгани акс этган видеороликни юборган.
"Мудофаа кучларимиз бундай чекловлар ҳақида огоҳлантирилмаган ва бу бир қатор миссиялар барбод бўлишига олиб келган. Кўриниб турибдики, бу ҳаракат тасодиф бўлиши мумкин эмас ва ҳозирги сиёсий вазият билан боғлиқ", – деди Украина президенти маслаҳатчиси Сергей Бескрестнов.
SpaceX компанияси вакиллари ва Илон Маск ҳозирча украиналик ҳарбийларининг сўзларига муносабат билдирмади.