Бугун 23 май, 2025 йил, жума

O'ZB

ИИББ: Тошкентда 38 ёшли фирибгар аёлга жазо тайинланди

A A A
ИИББ: Тошкентда 38 ёшли фирибгар аёлга жазо тайинланди

Интернет тармоғида, хусусан Uzxalqharakati.com сайтида Шахноза Бойқунусова номидан мурожаат тарқатилган бўлиб, унда Ш.Бойқунусовага нисбатан бўлган жиноят иши юзасидан тергов нохолис олиб борилгани, гуёки процессуал ҳужжатлар сохталаштирилгани таъкидланган, деб ёзмоқда ИИББ матбуот хизмати.

Жабрланувчилар томонидан Тошкент шаҳрининг бир неча туман Ички ишлар идораларига ёзилган аризалар асосида ҳеч қаерда ишламайдиган, 1981 йилда туғилган Ш.Бойқунусовага нисбатан 5 та ҳолатда ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ш.Бойқунусова ва унинг жиноий шериклари жабрланувчиларни алдаб, уларнинг пластик карталаридаги пул маблағларини нақдлаштириб бериш баҳонаси билан қўлга киритиб, пластик карточкалардан ечилган пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатишган. Етказилган зарарнинг умумий миқдори 397 миллион 970 минг сўмни ташкил этган. Гумонланувчи тариқасида жалб этилган Ш.Бойқунусова терговга келишдан ва етказилган зарарни қоплашдан бўйин товлаб келган.

Шу сабабли 2018 йил 2 апрель куни у ЖПКнинг 227-моддаси тартибида (суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг қарори асосида ушлаб туриш) ушланган ва вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. 3 апрель куни унга ЖКнинг 168-моддаси билан айблов эълон қилинган. 4 апрель куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Суд жараёнида айбдор деб топилган Ш.Бойқунусова етказилган зарарни қоплаган ва шу сабабли 2018 йил 18 октябрь кунги ҳукм билан суд томонидан унга нисбатан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тури тайинланган. Яъни, у иш хақидан 20 фоизини ушлаб қолиш шарти билан 2 йил 2 ой 13 кунга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган. Ушбу ҳукм 2018 йил
28 октябрь куни қонуний кучга кирган.

Шу билан бирга, ички ишлар вазири номига келтирилган айбловларни асоссиз ва номақбул деб ҳисоблаймиз, чунки тергов қонун доирасида, ҳар томонлама, тўла ва холисона олиб борилган бўлиб, бу суд хукми билан ўз тасдиғини топган. Суд ҳукмидан норози бўлган тақдирда ҳар ким қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳурматли интернет тармоғи фойдаланувчилари! Сизларни бундай мавзуларни ёритишда ва муносабат билдиришда холис бўлишга, эҳтиросларга берилмасликка чақирамиз. Гўёки кимнидир фош этадиган Қайноқ хабарларни чоп этишдан олдин тарафларни ҳар бирини, хусусан, юқоридаги ҳолатда нафақат ички ишлар идоралари, балки Ш.Бойқунусовага ўхшаш шахсларнинг ноқонуний қилмишларидан жабрланганларни ҳам эшитиш фойдадан холи бўлмас эди , дейилади хабарда.

Киритилди: 20:08 24.01.2019. Ўқилди: 2748 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!