Бугун 5 май, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Ички ишлар ва Миллий гвардия органларининг ваколатлари кенгайтирилади

Ички ишлар ва Миллий гвардия органларининг ваколатлари кенгайтирилади

Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан “Экология ва жамоат тартибини сақлаш соҳаларидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган семинар ўтказилди.

Таъкидланганидек, аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, жамиятда жамоат тартибини сақлаш, экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш бўйича вужудга келаётган муаммолар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимини янги даражага кўтариш ҳамда масъул давлат органлари жамоат тартибини сақлаш бўйича вазифа ва ваколатларини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Президент раислигида 2021 йил 24 август куни ўтказилган йиғилишда ички ишлар органлари тизимида экология соҳасида назоратни амалга оширувчи ихтисослаштирилган бўлинмаларини ташкил этиш ҳамда улар зиммасига экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар, дарахтларни рухсатсиз кесиш, браконьерлик, чиқиндиларни ноқонуний ташлаш каби ҳолатларга қарши курашиш вазифаларини юклатишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғи берилган эди.

Тадбир давомида Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Экология қўмитаси масъул ходимлари томонидан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган амалий ишлари тўғрисида ахборот берилди.

Мутасаддилар айтишича, ушбу қонун лойиҳаси ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмаларининг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатдан фойдаланиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир ваколатларини кенгайтириш, ушбу соҳадаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва уларга қарши курашиш тизимини самарали ташкил этиш тартибини белгилайди.

Йиғилишда депутатлар ҳужжатнинг бугунги кундаги аҳамияти ва заруратини эътиборга олиб, уни янада такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифларни илгари суришди. Қўмитада қонун лойиҳасини такомиллаштириш ишлари давом этмоқда.

Киритилди: 23:36 24.09.2022. Ўқилди: 3328 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!