Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳомиладорлик ва туғруқ бўйича нафақаларни ҳисоблаш тартибига киритилган ўзгаришлар юзасидан расмий тушунтириш берди. Янги қоидаларга кўра, эндиликда нафақа миқдори аёлнинг ижтимоий суғурта тизимидаги иштирок стажига бевосита боғлиқ бўлади.
Агентлик маълумотига кўра, тўлов миқдори аёлнинг ўртача иш ҳақи ҳамда суғурта бадаллари тўланган давр асосида аниқланади. Хусусан, 10 ойдан 24 ойгача суғурта стажига эга бўлганлар ўртача иш ҳақининг 75 фоизини, 25 ойдан 60 ойгача стажга эга бўлганлар 85 фоизини, 61 ой ва ундан ортиқ стажга эга бўлганлар эса 100 фоизини олади. Шу билан бирга, нафақа миқдори ҳеч қачон 75 фоиздан кам бўлмайди.
Таъкидланишича, ҳомиладорлик ва туғруқ бўйича нафақа ижтимоий ёрдам эмас, балки суғурта тўлови ҳисобланади. Уни олиш ҳуқуқи фақат расмий бандлик ва ижтимоий суғурта бадалларини мунтазам тўлаш орқали шаклланади. Тўлов миқдори эса бевосита суғурта стажининг давомийлигига боғлиқ бўлади.
Агентлик ушбу ўзгаришлар аввалги тизимдаги камчиликларни бартараф этишга қаратилганини қайд этди. Хусусан, қисқа муддатли ва расмий бўлмаган ишга жойлашиш орқали нафақа олиш ҳолатларини камайтириш, тўловлар тизимининг шаффофлигини ошириш ҳамда ижтимоий суғурта тизимининг барқарорлигини таъминлаш кўзда тутилган.
Расмийларга кўра, янги тартиб нафақа тўловларини бекор қилмайди ва энг кам миқдорини камайтирмайди. Аксинча, у ҳомиладорлик ва туғруқ бўйича тўловларни ҳисоблашда янада тушунарли ва адолатли механизмни жорий этади.