Ҳиндистондаги кафелар тармоғи ахлатни тўлов сифатида қабул қилади.
Бу ҳақда Good News Network нашри ёзмоқда.
"Ахлатхонасиз шаҳар" номи билан машҳур бўлган Ҳиндистоннинг Амбикапур шаҳрида бир нечта Garbage Cafe тармоғи савдо нуқталари мавжуд бўлиб, у ерда бир килограмм пластик ахлат учун тўлиқ тўрт хил таом, жумладан, гуруч, икки турдаги кори ва дал – анъанавий ҳинд ясмиқли таомини олиш мумкин.
Кафе кунига ўртача 20 кишига хизмат кўрсатиб, тахминан 20 кг пластмасса йиғади. Менежерлардан бири Винод Пателнинг сўзларига кўра, бундай ёндашув нафақат очларни тўйдириш, балки шаҳарни пластмассадан тозалашга ҳам ёрдам беради.
Чекланган бюджет билан маҳаллий ҳокимият органлари мураккаб қайта ишлаш тизимини жорий этиш имкониятига эга эмас, аммо шунга қарамай, ҳар куни бу ерда деярли барча 226 тонна пластмасса йиғилади ва қайта ишланади.
Шунга ўхшаш кафелар Ҳиндистоннинг бошқа шаҳарларида, шунингдек, Камбоджада пайдо бўлган ва улар маҳаллий экологик ва ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун ушбу ғояни қабул қилганлар.