Нукус темир йўл бекати, шахобчаси ва аэропорти ҳарбий ҳаракатлар таркибий бўлими томонидан гарнизонда жойлашган ҳарбий қисм шахсий таркиби учун ҳарбий техника ва юкларни темир йўл орқали ташиш бўйича амалий-кўргазмали машғулотлар ўтказилди.
Машғулотлар учта ўқув нуқтасида ўтказилиб, қўшинларни бир жойдан иккинчи жойга кўчириб ўтиш, ҳарбий техника ва юкларни ташиш учун фойдаланиладиган темир йўл вагонларига тўғри жойлаштириш, сақлаш ва олиб юришни ўргатиш мақсадида ташкил этилди.
Нукус темир йўл бекати, шахобчаси ва аэропорти ҳарбий ҳаракатлар таркибий бўлими бошлиғи подполковник Бахтиёр Қудратов раҳбарлигида ўтказилган машғулотларда ҳарбий техника ва юкларни ташиш жараёнида тайинланган қоровул шахсий таркибининг мажбурияти, турли хил вазиятлардаги ҳаракатлари ва алоҳида хизмат ўташнинг бошқа аҳамиятли жиҳатлари намуна сифатида кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, машғулотларда “Ўзбекистон темир йўллари” акционерлик компанияси Қўнғирот минтақавий темир йўл узели, Нукус ва Тахиркўл бекати ходимлари иштирок этиб, йўл ҳужжатларини тўлдириш ҳамда темир йўл станцияларида тўхташ тартиби ҳақида маълумот беришди.
— Қўшинлар жанговар шайлигини мустаҳкамлаш ҳамда бўлинмалар ва техникаларни бир жойдан иккинчи жойга олиб ўтишни ташкил этишда узилишларнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилган ушбу машғулотлар жараёнида асосий эътибор техника хавфсизлиги талабларига риоя этиш ва техникаларни вагонларга юклашдаги меъёр талаблари ўргатилди, – дейди подполковник Бахтиёр Қудратов. – Машғулотлар жараёнида ҳарбий хизматчилар томонидан берилган кўплаб саволлар ўз жавобини топиб, уларнинг тажрибаси ошишига эришилди.
Кўргазмали тарзда ўтказилган машғулотлар доирасида зирҳли ва автомобиль техникаларни платформалар орқали вагонларга юклаш-тушуриш, уларнинг силжиб кетишини олдини олиш мақсадида белгиланган тартибда маҳкамлаш, техникаларни ташишда ниқоблаш ишларини ташкил этиш каби масалалар намойиш этилди.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти