Бугун 15 ноябрь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Ҳаким Жеффрис Яқин Шарқда “кескин ўзгаришлар” қилиш зарурлигини билдирди

Ҳаким Жеффрис Яқин Шарқда “кескин ўзгаришлар” қилиш зарурлигини билдирди

АҚШ Демократларлар партияси етакчиларидан бири Исроил ва Фаластин можаросини икки давлат тамойили асосида ҳал этишни қўллаб-қувватлашини айтди

Қўшма Штатлар Конгресси Вакиллар палатасидаги Демократлар етакчиси Ҳаким Жеффрис Яқин Шарқда “кескин ўзгаришлар” қилиш зарурлигини билдирди. Шунингдек, у Исроил ва Фаластин можаросини икки давлат тамойили асосида ҳал этишни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

"Ҳозирги ҳолатни қабул қилиб бўлмайди, кескин ўзгариш лозим. Менинг назаримда, хавфсиз Исроил яҳудий ва демократик давлат сифатида сақланиб қолиши лозим. Унинг ёнида эса фаластинликларнинг қадр-қиммати ҳамда ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминлайдиган мустақил Фаластин давлати яшаши керак", - деди Жеффрис матбуот анжуманида.

АҚШ Конгрессига оралиқ сайловларда Демократлар эришган йирик ғалаба Вашингтоннинг яқин иттифоқчиси — Исроилга берилаётган ёрдамнинг камайишига олиб келиши мумкин. Демократлар 2027 йил 3 январ куни Конгресснинг ҳар икки палатаси устидан назоратни ўз қўлига олишга тайёрланмоқда. Демократ Ҳаким Жеффрис эса Вакиллар палатасининг навбатдаги спикери бўлиши кутилмоқда.

2027 йилдан Демократлар қонун лойиҳаларини ёзишда ва қайси ҳужжатларни овозга қўйишни ҳал қилишда устунликка эга бўлади. Бироқ Республикачи президент Доналд Трамп Конгресс қабул қилган қарорларга вето қўйиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Президент ветосини енгиб ўтиш учун эса Вакиллар палатаси ва Сенатда учдан икки қисм овоз талаб этилади.

Сайловда ғалаба қозонган кўплаб демократлар сайловолди кампаниясида Исроилга ҳарбий ёрдам беришга ҳамда АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушига қарши чиққан эди. 2027 йили Конгрессда бу масалалар янада жиддий кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Вашингтон тарихан музокаралар йўли билан икки давлат ечимига эришишни қўллаб-қувватлаб келган. АҚШда ўнлаб йиллар давомида ҳар икки партия ҳам Исроилни бирдек қўллаб-қувватлаб келар эди. Бироқ Ғазодаги урушда тинч аҳоли орасида қурбонлар кўпайгани ҳамда бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг Трамп ва Республикачилар билан яқинлашуви бу анъанага путур етказди.

Киритилди: 20:54 14.11.2026. Ўқилди: 444 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар