Бугун 14 октябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Гутерриш лавозимини тарк этади. БМТ бош котиби ким бўлади?

Гутерриш лавозимини тарк этади.  БМТ бош котиби ким бўлади?

Трамп БМТ бош котиби лавозимига ҳозирги номзодларнинг бирортасини ҳам қўллаб-қувватламаяпти

АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти ҳозирча БМТ бош котиби лавозимига номзодларнинг ҳеч бирини қўллаб-қувватлашга тайёр эмас. Бу ҳақда Politico нашри АҚШ ҳукуматидаги манбаларга таяниб хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, Оқ уй ташкилот раҳбарлигига радикал ислоҳотларни амалга оширишга тайёр бўлган шахс келишини истамоқда.

Вашингтоннинг позицияси муҳим аҳамиятга эга. Чунки АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида ҳар қандай номзодга вето қўйиш ҳуқуқига эга. БМТ қоидаларига кўра, номзод Хавфсизлик Кенгашининг 15 аъзосидан камида тўққизтасининг овозини олиши ва бешта доимий аъзонинг бирортаси томонидан рад этилмаслиги керак.

Ҳозирча норасмий овоз бериш натижаларига кўра, Коста-Риканинг собиқ вице-президенти Ребека Гринспан етакчилик қилмоқда. 7 октябрь куни ўтказилган сўнгги овоз беришда у Хавфсизлик Кенгашининг тўққиз аъзоси томонидан қўллаб-қувватланган, олти аъзо эса унга қарши овоз берган. Бу олти давлат орасида АҚШ ёки вето ҳуқуқига эга бошқа мамлакатлар бор-йўқлиги ҳозирча маълум эмас.

Аввалроқ Трампнинг яқин доирасида ФИФА президенти Жанни Инфантино эҳтимолий номзод сифатида тилга олинган эди. Бироқ унинг номзоди ҳозиргача расман илгари сурилмаган.

БМТ бош котиби лавозими учун навбатдаги норасмий овоз бериш 16 октябрга белгиланган. Амалдаги бош котиб Антониу Гутерриш 31 декабрь куни ўз лавозимини тарк этади. Унинг вориси эса 2027 йил 1 январдан ўз вазифасини бажаришга киришиши керак.

Киритилди: 14:44 11.10.2026. Ўқилди: 795 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!