Бу ҳақда DW нашри хабар бермоқда.
Грузия парламенти мамлакат собиқ бош вазири Гиорги Гахарияга тегишли бўлган “Грузия учун” мухолиф партиясининг 12 нафар депутатини мандатларидан маҳрум қилди. Депутатларнинг ваколатлари тугатилишига сабаб сифатида партия аъзоларининг парламент йиғилишларида қатнашмаганликлари кўрсатилди. Шунингдек, партия давлат молиявий қўлловидан ҳам маҳрум қилинди.
Парламент раиси Шалва Папуашвилининг айтишича, Гахария бошчилигидаги партия вакиллари “асосли сабаблар” бўлмас-да, парламент йиғилишларини доимий равишда қолдириб келган.
Партия етакчиси Гиорги Гахария бунга жавобан партия аъзолари йиғилишларни қолдирмаганини, балки "нолегитим парламент"ни бойкот қилганини таъкидлади. У партия аъзоларининг мандатлардан маҳрум қилинишини "Кремл қўлланмасидан юлиб олинган саҳифа" деб атади.
Гахариянинг сўзларига кўра, мухолиф депутатлар дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинмоқда, бу эса сиёсий таъқиблар учун йўл очиш ва шу йил кузида бўлиб ўтадиган маҳаллий сайловлар арафасида мухолифатни батамом йўқотиш мақсадида қилинмоқда.
Грузия қонунчилигига кўра, мамлакат парламенти таркибида 150 депутат бўлиши керак, бироқ ҳозирда фақат 89 нафар депутат парламент ишида иштирок этмоқда. Улардан 79 нафари “Грузия орзуси” партиясидан, яна 10 нафари эса ушбу партия рўйхати орқали сайланиб, кейинчалик “конструктив мухолифат” тузиш учун ажралиб чиққан. Парламентга 61 нафар мухолифат вакили сайланган, бироқ барча мухолиф партиялар сайлов натижаларини тан олмай, парламент фаолиятини бойкот қилишларини эълон қилган.
"Сўнгги бир ой ичида Грузияда 6 нафар партия етакчилари ҳибсга олинган, асосий мухолифат кучлари эса етакчисиз қолган. Гиорги Гахария айни пайтда мамлакатдан ташқарида", дея ёзмоқда DW.