Германияда муҳожирлар сони 3,5 миллион кишига етди.
Бу маълумотни федерал ҳукумат Бундестагдаги Сўллар фракциясининг сўровига жавобан тақдим этди, дея хабар беради КNA агентлиги. Аниқлик киритилишича, бу рақам 2024 йилда рўйхатдан ўтган қочқинларни қамраб олади.
"Ўтган бир йил давомида Германияга 124 000 нафар муҳожир келган, улардан 108 000 нафари украиналиклар. Германия ҳудудида қочқин мақомида бўлган украиналиклар сони тахминан 1,2 миллион кишини ташкил қилади", —деди Сўллар партиясидан депутат Клара Бюнгер.
Унинг сўзларига кўра, Германиядаги муҳожирларнинг умумий сонидан тахминан 710 000 киши Женева конвенциясига мувофиқ “қочқин” мақомини олган, 43 000 киши эса “бошпана олиш ҳуқуқига эга” деб тан олинган. Германиядан чиқариб юбориш тақиқланганлар сони 197 000 нафарни ташкил қилади, улардан тахминан 130 000 нафари афғонистонликлардир. Расман мамлакатни тарк этиши шарт бўлганлар сони 200 000 нафарни ташкил этади, бироқ ҳукумат маълумотларига кўра, улардан 178 000 нафари ҳали ҳам Германияда қолмоқда.