Берлин ва Париж Киевнинг Иттифоққа тўлақонли аъзо бўлгунига қадар Европа Иттифоқи бюджетидан фойдаланиши ҳамда йиғилишларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлишига қарши чиқмоқда.
Financial Times нашрининг ёзишича, Германия Украинага «ассоциациялашган аъзо» мақомини таклиф қилмоқда — бунда Украина вакиллари вазирлар ва давлат раҳбарларининг учрашувларида иштирок этишлари мумкин, бироқ қарорларга таъсир ўтказиш ва Европа маблағларига даъво қилиш ҳуқуқига эга бўлмайдилар.
Францияда бундай оралиқ вариант «интеграциялашган давлат мақоми» деб аталмоқда ва улар ҳам Украинанинг якуний қабулга қадар ЕИнинг қишлоқ хўжалиги дастурларида ҳамда молиялаштириш жараёнларида иштирок этишини истисно қилмоқдалар.
Шу билан бирга, Берлин ва Париж ҳатто бундай чекланган аъзолик ҳам Киев учун муҳим рамзий маънога эга бўлишини тан олмоқда. Шунингдек, Германия ўзаро мудофаа тўғрисидаги бандни киритишга ҳам ижозат бермоқда — бу Украинанинг НАТОга аъзолик истиқболлари тўсиб қўйилган бир шароитда у учун алоҳида аҳамиятга эга.