Германия ҳукумати Украина мудофаа саноати билан ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган 10 банддан иборат янги режани эълон қилди.
Берлин украин корхоналарини Европа қурол-яроғ бозорига фаолроқ жалб этишни, шунингдек, Украинада ишлашга тайёр бўлган немис компанияларини қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқда. Бунинг учун Германия ҳукумати Украина мудофаа соҳасига киришга қарор қилган бизнес учун инвестиция кафолатларини тақдим этишини ваъда қилди.
Режанинг асосий бандларидан бири — Украина мудофаа саноатини ЕИ умумий мудофаа бозорига янада яқин интеграция қилишга эришиш ниятидир. Ҳужжатда бу мақсадда қурол-яроғларни қўшма харид қилиш учун мўлжалланган Европа молиялаштириш инструментларидан фойдаланиш лозимлиги очиқ айтилган. Амалда гап украин заводларини умумевропа қурол ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирларининг бир қисмига айлантириш ҳақида кетмоқда.
Режанинг амалий томони ҳам анча аниқ белгилаб қўйилган. Германия ЕИдаги ҳамкорлари билан бирга Украина учун қурол-яроғ ва ҳарбий тизимларни сотиб олишни, жумладан, тўғридан-тўғри Украина ҳудудида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ҳам харид қилишни режалаштиряпти.
Аниқ мисол сифатида Берлинда украин ишлаб чиқаришидаги учувчисиз аппаратлар тилга олинмоқда. Германия томони баҳолашича, бундай дронлар келажакдаги умумевропа ҳаво мудофааси тизими доирасида қизиқиш уйғотиши мумкин.