Бу ҳақда Der Spiegel ва Bild ёзмоқда. Бир неча ой давом этган махфий музокаралардан сўнг Германия ҳукумати Толибон ҳокимият тепасига келганидан бери илк бор афғон фуқароларини ўз ватанларига депортация қилишга рухсат берди.
Der Spiegel нашрининг ёзишича, Qatar Airways самолёти бугун эрталаб соат 7 да Лейпцигдан Кобулга учган. Boeing 787 бортида Германиянинг турли штатларидан Лейпсигга олиб келинган 28 нафар афғон жиноятчиси бўлган. Улар нимада айблангани номаълум.
«Бугун эрталаб Германия 2021 йил августидан бери биринчи марта афғон фуқароларини ўз ватанига қайтарди. Булар Афғонистон фуқаролари бўлиб, уларнинг барчаси Германияда қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган жиноятчилар бўлиб, чиқариб юборилиши керак эди», — деди Германия ҳукумати сўзловчиси Штеффен Хебстрейт.
Spiegel нашрига кўра, Германия ҳукумати Толибон билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бормаган, аммо ёрдам сўраб Қатарга мурожаат қилган.
Германия Афғонистонга депортацияни 2021 йил ёзида Толибон ҳокимиятни қўлга олишидан бироз олдин тўхтатган эди. Германия Ташқи ишлар вазирлигининг сўнгги ҳисоботига кўра, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият «ҳалокатли», адлия тизими эса «ўзбошимчалик» дир, деб ёзади журналистлар.