Германия Украина энергетика инфратузилмасига ҳужумларни биринчи бўлиб Россия тўхтатиши кераклигини маълум қилди. Берлин, шунингдек, Москвага нисбатан санкцияларни юмшатишга қарши чиқиб, босимни янада кучайтиришга чақирди.
Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль 13 октябрь куни Варшава хавфсизлик форумида сўзлаган нутқида Украина Россия ҳам худди шундай қадам ташлаган тақдирда энергетика объектларига ҳужумларни тўхтатиш бўйича келишувга амал қилишга тайёрлигини таъкидлади.
«Бу вазиятда аниқ айтиш керак: биринчи қадамни Украина ташлаши шарт эмас. Урушни Украина бошламаган. Аслида, биринчи қадамни Россия ташлаши керак», — деди Вадефуль.
Вазирнинг сўзларига кўра, Киев энергетика объектларига ҳужумларни ўзаро тўхтатиш келишувига қўшилишга тайёрлигини билдирган. Германия ҳукумати Украинанинг бу позициясини тўлиқ қўллаб-қувватламоқда.
Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Москва ва Киев энергетика инфратузилмасига ўзаро ҳужумларни тўхтатиш бўйича келишувга эришганини маълум қилган эди. Бироқ ҳар икки томон бундай келишув мавжудлиги масаласида турлича баёнотлар берган.
Вадефуль Европа Иттифоқини Украинадаги урушни ҳал этиш бўйича мустақил позиция ишлаб чиқишга чақирди. У Москвага нисбатан босимни сақлаб қолиш зарурлигини таъкидлади.
Вашингтон Россия дизель ёқилғисига нисбатан чекловларни юмшатишни режалаштираётгани ҳақидаги хабарлар фонида Германия ташқи ишлар вазири бунинг аксини — санкцияларни кучайтиришни таклиф қилди.
«Ҳозир санкцияларни юмшатиш вақти эмас, аксинча, уларни кучайтириш вақти», — деди у.
Буюк Британия вазири Эд Милибэнд ҳам шунга ўхшаш позицияни билдириб, Россияга нисбатан санкция босимини оширишга чақирди.
Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатида Россиянинг ҳарбий-саноат мажмуаси билан боғлиқ 1 600 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахс мавжуд.
Вадефуль аввал ҳам Россия президенти Владимир Путин жиддий тинчлик музокараларига тайёрлигини амалда кўрсатмагунча Москвага нисбатан босимни сақлаш ва кучайтириш лозимлигини билдирган эди.