Бугун 27 октябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Германия Россия билан узоқ давом этадиган можарога ўзининг махсус кучларини тайёрламоқда

Германия Россия билан узоқ давом этадиган можарога ўзининг махсус кучларини тайёрламоқда

Германия қуролли кучларининг элита махсус бўлинмаси — KSK Россия билан эҳтимолий ҳарбий можаро юзага келиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда тайёргарлик дастурини ўзгартирмоқда.

Бу ҳақда бўлинма қўмондони, бригадир генерал Андреас Кюне маҳаллий Bild нашрига маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Россия махсус кучлар тайёргарлигида асосий эҳтимолий рақиб сифатида кўрилмоқда. Агар илгари операциялар тахминан уч кунга мўлжалланган бўлса, энди ҳарбийлар мунтазам равишда базаларга қайтмасдан, дала шароитида анча узоқ вақт қолишга тайёрланмоқда.

Тайёргарлик дастурида танклар, артиллерия, учувчисиз учиш аппаратлари ва радиоэлектрон кураш воситаларига эга рақибга қарши ҳаракатларни машқ қилиш кўзда тутилган. Шунингдек, Германия кучларининг НАТОнинг шарқий қанотида жойлаштирилиши эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда, қаттиқ совуқ шароитида ҳаракатланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бундан ташқари, KSK Германиянинг асосий кучлари йирик операцияларни бошлашидан олдин махсус вазифаларни бажариш учун ҳарбийларини тезкор жойлаштиришни режалаштирмоқда.

Bild нашри маълумотларига кўра, махсус кучлар Штутгартдан тўрт соат ичида учиб чиқишга тайёр бўлиши керак. Бу уларга Литвада жойлаштирилган Германиянинг 45-бронетанк бригадаси кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларни бошлашидан олдин дастлабки вазифаларни бажариш имконини беради.

Тайёргарлик дастурининг ўзгартирилиши Германия расмийлари Россия томонидан келаётган таҳдидлар ҳақидаги огоҳлантиришларни кучайтираётган бир пайтга тўғри келмоқда.

21 октябрь куни Германия қуролли кучлари Россия томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган диверсиялар хавфи даражасини «сезиларли» деб баҳолади. Бу хавф даражаси бўйича иккинчи юқори тоифа ҳисобланади.

Киритилди: Бугун 09:30. Ўқилди: 284 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!