Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Урганч давлат университети ректори Баҳром Абдуллаевга ташаккурнома мактубини йўллади, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Германия Федератив республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер жорий йилнинг 27-29 май кунлари Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлган эди.
Мазкур ташриф доирасида иқтисодиёт, молия, таълим, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит муҳофазаси соҳаларида ҳамкорлик муносабатларини кенгайтиришга қаратилган расмий келишувлар билан бир қаторда, Франк-Вальтер Штайнмайер ўз рафиқаси билан Хоразм вилоятига ҳам ташриф буюрган.
Ташриф давомида Урганч давлат университетининг 80 нафар профессор ўқитувчилари, талабалари ва 40 нафар лицей ва мактаб ўқувчилари билан немис тилида жонли давра суҳбати бўлиб ўтган. Суҳбат асносида Президент Штайнмайер талаба ва ўқувчиларнинг немис тили бўйича кўникмаларидан мамнунлиги билдирган. УрДУ ректори Баҳром Абдуллаев номига йўлланган мактубда ҳам бу эътироф этилган.
Ҳурматли Ректор жаноблари!
Сизга университетингиздаги илиқ ва самимий учрашув учун ўз номимдан ва рафиқам номидан миннатдорчилик билдираман. Урганч шаҳар 2-сонли лицей ўқувчиларига ҳам ташаккуримни етказиб қўйишингизни сўрайман.
Университет талабалари ва лицей ўқувчилари билан очиқ ва жонли руҳда ўтган сермазмун мулоқот алоҳида мамнуният бағишлади. Ушбу учрашув Ўзбекистон ёшларининг келажакдаги истак ва хоҳишлари ҳамда мамлакатингиз ҳақидаги тасаввуримни янада кенгайтирди. Учрашувда иштирок этган ёшларнинг несмис тили билимлари аъло даражада эканлиги менда чуқур таассурот қолдирди.
Сизга, университетингизга келгусида омад ҳамда Германия ўқув даргоҳлари билан кенг ҳамкорликни давом эттиришингизда зафарлар тилаб қоламан.
Ҳурмат билан
Франк-Вальтер Штайнмайер.
ГФР Президентининг бу мактуби Урганч давлат университетининг илк бор халқаро миқёсда эътироф этилиши ҳисобланади.
Manba: kun. uz