BILD нашри учун махсус ўтказилган INSA сўровига кўра, немисларнинг атиги 14 фоизи Фридрих Мерцни яхши канцлер деб билади. 78 фоиз респондент эса унинг ҳукумат раҳбари лавозимида қолишига қарши. Ҳатто ХДС/ХСС (CDU/CSU) тарафдорлари орасида ҳам Мерцни қўллаб-қувватловчилар атиги 36 фоизни ташкил этади, 58 фоиз эса унга қарши.
Блокдаги сиёсатчилар орасида Мерцга энг машҳур муқобил номзод ХСС раҳбари Маркус Зёдер бўлди: уни барча респондентларнинг 31 фоизи, ХДС/ХСС тарафдорларининг эса 50 фоизи маъқул кўрган. Кейинги ўринларда Шимолий Рейн — Вестфалия бош вазири Хендрик Вюст — 20 фоиз, ички ишлар вазири Александер Добриндт — 13 фоиз билан қайд этилган.
Коалициядаги ҳамкор — СДПГда ҳам муаммолар мавжуд. Респондентларнинг 51 фоизи Ларс Клингбайл энди СДПГ раҳбари бўлишга мос эмас, деб ҳисоблайди, уни қўллаб-қувватловчилар эса 24 фоиз. Эҳтимолий ворислар орасида энг машҳури мудофаа вазири Борис Писториус бўлди — уни барча респондентларнинг 34 фоизи, СДПГ сайловчиларининг эса 51 фоизи қўллаб-қувватлаган.
Сўров шунингдек, «Германия учун муқобил» (AfD) партиясига муносабатда жамият иккига бўлинганини кўрсатди: 42 фоиз партияни тақиқлашни қўллаб-қувватлайди, 45 фоиз эса бунга қарши. AfDга нисбатан сиёсий «брендмауэр» (изоляция сиёсати)дан воз кечишни 46 фоиз истайди, 34 фоиз эса бу сиёсатни сақлаб қолиш тарафдори.