7 майдан бошлаб Германия Ички ишлар вазирлиги чегара назоратини кескин кучайтирди, кейинги икки кунда федерал полиция 365 нафар ноқонуний мигрантни қўлга олди. Уларнинг 286 нафари ёки 78,3 фоизи мамлакатдан депортация қилинди. Бу ҳақда 11 май куни Bild газетаси полиция маълумотларига таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, кўп ҳолларда виза йўқлиги, сохта ҳужжатларга эгалик ёки кириш тақиқининг мавжудлиги Германияга киритилмасликка сабаб бўлмоқда.
Bild'нинг қочқинлар бўйича мутахассисларга таяниб ёзишича, ҳар куни тахминан 200 нафар қочқин Германия чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринади. Олдинлари ҳар куни тахминан 120 нафар мигрантга кириш рад этилган. 7 майда янги қоидалар кучга киргач, бу рақам 190 нафаргача ошди.
Германиянинг янги ички ишлар вазири Александер Добриндт 7 май куни чегара назорати кучайтирилиши ҳақида эълон қилди. Янги тартибга кўра, Европа Иттифоқи мамлакатларидан келган бошпана сўровчиларга чегаранинг ўзидаёқ кириш рад этилиши мумкин. Фақат болалар ва ҳомиладор аёллар каби гуруҳлар учун истиснолар сақланади.