Исроил армияси қуруқликдаги ҳужумларини кучайтириб, “эвакуация қилиш” буйруғини берганидан сўнг Ғазо шаҳрида ўн минглаб фаластинликлар яна кўчирилди.
Анадолу мухбири хабар беришича, қирғоқ бўйидаги Решид кўчаси орқали жанубга кенг кўламли ҳаракат кузатилган.
Исроил армияси яна бир бор фаластинликларни Ғазони тарк этиб, “гуманитар ҳудуд” деб аталган ҳудудга ўтишга чақирди. Катта ҳужумлар давом этаётган Ғазо шаҳри аҳолиси ўз ҳаётларидан хавотирда. Шу билан бирга, кўплаб фаластинликлар уйларини тарк этмасликка қарор қилган.
“Ғазоликлар учун ўлим ёки кўчиришдан бошқа йўл йўқ”
Фаластинлик Муҳаммад ал-Давудий Анадолу нашрига берган интервьюсида ўзи ва етти кишидан иборат оиласи уйларини тарк этишга мажбур бўлганини айтди.
“Биз энди ҳеч қаерда ўзимизни хавфсиз ҳис қилмаяпмиз. Исроил ҳужумлари натижасида портлаш овозлари тинимай эшитилади, бинолар аҳоли бошига қулаб тушмоқда. Ғазоликлар учун ўлиш ёки қочқин бўлишдан бошқа йўл йўқ. Исроил армияси ҳеч кимга шафқат қилмайди”, — деди у.
Давудийнинг сўзларига кўра, жанубга кўчиб ўтиш хавф-хатарлар билан боғлиқ бўлишига қарамай, улар томсиз қолса ҳам шаҳарни тарк этишга қарор қилган.
Бу орада яна бир фаластинлик — Умм Рами эри ва тўрт фарзанди билан жанубга сафар қилиш учун аравага буюмларини жойлаганини айтди.
“Биз Ғазо шаҳридаги бинолар ҳам Муштаҳа каби вайрон бўлишидан қўрқамиз. Жанубда бизга нима кутаётганини билмасак ҳам, кетишдан бошқа чора йўқ”, — деди у.
Эслатиб ўтамиз, Исроил армияси олдинроқ Хон Юнус шаҳри яқинидаги ал-Маваси ҳудудини “гуманитар ҳудуд” деб эълон қилганини ва ғазоликларни ўша ерга кўчишга чақирганини маълум қилган эди. Бироқ Исроил армияси аввал ҳам бу ҳудудга етган қочқинларни ва уларнинг чодирларини мунтазам равишда ҳужум қилган.