Дўппини бошдан олиб, ғала-ғовур дунёда юз бераётган воқеаларни таҳлил қиладиган бўлсангиз, инсониятни ахборотлар оқими бошқараётганининг гувоҳи бўласиз. Ёшларни йўналтираётган ҳам, кимнидир душманга ёки дўстга айлантираётган ҳам қайсидир маълумотларнинг қандайдир кўринишдаги аксининг маҳсули. Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларини бир оз бўлса-да ҳис қилдик. Назаримда, Учинчи жаҳон уруши аллақачон бошланган. Фақат бунда қурол – қалам, нишонлар эса одамларнинг онги ва қалби.
Ғалабанинг 75 йиллиги яқинлашгани сари турли ҳудудлардан мурожаат қилувчиларнинг сони кўпайган. Кимдир яқинининг суратини рассомга чиздириб юборишга ошиққан. Бошқаси жигаргўшасининг ордену медалларини тўплаб, тақдим қилиш ҳаракатида. Яна бири маълумотларни тўплаб, мақола қилиш, телевидениега лавҳа тайёрлаш тадоригига тушган.
Қашқадарё вилоятида ҳам вилоят аҳлининг Иккинчи жаҳон уруши даврида фронтга қўшган ҳиссасини акс эттирувчи музей шаклидаги ватанпарварлик бурчаги ташкил этилди. Ундаги маълумотларга кўра, 1941 йил 22 июнь куни фашистлар германиясининг хоинларча бостириб киргани ҳақидаги машъум хабар Қашқадарёда яшин тезлигида тарқаган экан, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси ўзларини фронтга сафарбар этилган, деб билдилар. Ёвуз душманлардан ўлка тупроғини ҳимоя қилиш халқнинг номуси, ори, виждоний бурчи бўлиб қолди. Қарши, Китоб, Шаҳрисабз, Косон, Яккабоғ каби туманлар маркази ва Қарши шаҳрида, жамоат ва давлат хўжаликлари, саноат корхоналари ва мактабларда кўп минг кишилик митинглар бўлиб ўтди. Унда фашист босқинчиларига лаънатлар ўқилди. Душманни тезроқ тор-мор қилиш юзасидан тадбирлар белгиланди. Барча қийинчиликларга қарамай вилоят деҳқонлари кўпроқ озиқ-овқат етказиб бериш учун барча куч-ғайратларини сарф этдилар.
1941–1945 йиллари вилоят аҳолисидан 47 007 нафар киши урушга сафарбар қилинди. Улар Ленинград ва Сталинград, Беларусь ва Украина ерларини душмандан озод қилиш жангларида қаҳрамонлик намуналарини кўрсатдилар. Улардан 17 424 нафари озодлик учун ўз жонини қурбон қилди. 9 521 нафари фронтларда бедарак йўқолди. Дастлабки кунлариданоқ урушга отланганлар орасида Ғузор машина трактор станциясида ишлаган Николай Кошелев, Қарши шаҳар темир йўлида ишлаган Григорий Муха, Қарши шаҳрида бўёқчи бўлиб ишлаган Василий Белов, Қарши санитар-эпидемия станциясида омборчи бўлиб ишлаган Сергей Кривцов ва бошқалар бор эди. Вилоятда жуда кўплаб хотин-қизлар ҳам кўнгилли бўлиб фронтга жўнашга азми қарор қилдилар. Кўнгиллилар қаторида Қарши шаҳрида Вера Насирова каби жасур аёллар ҳам бор эди.
Ҳамма туманлардан мудофаа жамғармасига маблағ тўплаш кенг авж олди. 1941–1945 йиллар мобайнида Косон, Яккабоғ ва Қарши (Бешкент) туманларидан фронтдаги жангчиларига озиқ-овқат, гўшт, дон маҳсулотлари, қоракўл терилари ҳамда қуруқ мевалар, Қарши шаҳар, Китоб, Ғузор, Шаҳрисабз туманларидан жунли пайпоқлар, иссиқ кийим-кечаклар юборилган.
Бундан ташқари, 1941 йилда Қарши шаҳрида мавжуд бўлган саноат корхоналарида 746,9 минг рублга тенг маҳаллий маҳсулотлар, 11 487,2 минг рублга тенг саноат кооперацияси моллари ва кўрлар жамиятида 2 385 минг рублга тенг маҳсулотлар ишлаб чиқарилган ҳамда фронт учун сафарбар этилган.
1941 йилда Қашқадарёда жами 48 та саноат ташкилоти бўлиб, уларда 3 015 нафар ишчи ишлаб, 27 783 минг рублга тенг ялпи маҳсулотлар ишлаб чиқилган. 1943 йилда Фарҳод ГЭСи қурилишида 3 миллион кубометр тупроқ чиқариш учун Қашқадарё вилоятидан қурилишга уч минг нафар одам юборилган. 1943 йил вилоят маҳаллий саноат корхоналарида 1 075 нафар ишчи ишлаб, 4 483 минг рублга тенг бўлган 16 турдаги кенг маҳсулотлар ишлаб чиқилган.
Вилоятда биринчи ишлаб чиқилган саноат маҳсулотларидан 35 минг рублга тенг ёғоч маҳсулотларини, 42 мингта идиш-товоқ материаллари, 120 минг темир буюмлари ҳамда 180 минг рублга тенг бўлган 491 мингта трикотаж буюмлари ва 72 мингта чармдан ишланган оёқ кийимлари ишлаб чиқарилиб, фронтга юборилган.
Қашқадарё вилояти миқёсидаги жонбозликлар билан танишар эканмиз, Чироқчи тупроғини чангитиб улғайган майор Акбар Ёрматов билан Иккинчи жаҳон урушига доир маълумотлар, экспонатлар йиғилиши, уларнинг жамланиб музей ҳолига келтирилишига доир суҳбатимиз адабиётга уланди.
- Вилоятда қилинган ишлар билан батафсил танишар эканман, менинг ҳам кўп нарсалар ёзгим келди. Айрим таъсирли воқеаларни қайд этиб ҳам қўйдим. Имкон топилиши билан Қулмон амаким (Очилов) билан маслаҳатлашиб, бир асар яратмоқчиман. Тарих билан юзлашиб, миллатимизнинг самимиятига, фидойилигига, ҳимматига фақат тан берганман, – дейди у.
Ҳа, одамлар кечаги кунни унутгани йўқ, қаҳрамонларни қалбларида ардоқлаяпти. Ўтмишдан сабоқ чиқариб, бугунни мустаҳкамлаш, келажакка сармоя киритиш илинжида. Қилинаётган саъй-ҳаракатлар ёш авлодлар юрагида акс садо бериб, уларни Ватан равнақи йўлида илдамроқ одимлашга ундашига шубҳа йўқ.
Ишонч билан айтишимиз мумкинки, халқимизнинг томирида қони гупиллаб уриб турар экан, тупроғининг гардини ҳам душманга раво кўрмайди. Шу кунларда юртдошларимизнинг кўз илғамас вирусга қарши бир тану бир жон бўлиб курашаётгани ҳам фикримизнинг исботи бўлиб турибди.
Азиз НОРҚУЛОВ,
“Ватанпарвар” газетаси мухбири