Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги Қарори асосида Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ҳамда унинг ҳудудида “Шон-шараф” давлат музейи бунёд этилган эди.
Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб барпо этилган “Ғалаба боғи” мемориал мажмуаси миллионлаб кишилар учун муҳим бўлган 9 май санасида тантанали равишда очилди. Маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Мамлакатимиз ва бутун дунёда кузатилган коронавирус пандемияси туфайли оммавий тадбирлар бекор қилингани боис ушбу боғ ва музей ҳам фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб турганди.
Ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги шонли тарихини, она халқимизнинг қаҳрамонлигини яхлит акс эттирган ушбу мажмуа ўз иш фаолиятини бошламоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ғояси ва ташаббуси билан инновацион технологиялар асосида, Ўзбекистон халқининг II жаҳон урушида кўрсатган беқиёс жасоратини абадийлаштириш мақсадида бунёд этилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ва “Шон-шараф” давлат музейи экспозициялари халқимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлик ва матонатини, юксак инсоний фазилатларини намоён этиш ҳамда ёш авлодни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
“Ғалаба боғи”нинг умумий майдони 14,6 гектар. Мажмуа рамзий 12 та ҳудудга бўлинган бўлиб, кириш қисми, урушнинг даҳшатли қиёфаси, марказий хиёбон, ҳарбий техникалар майдончалари, темир йўл вокзали, фронт орти ҳудуди, амфитеатр ва маъмурий бино, мотам ва андуҳ ҳудуди, шоду-хуррамлик ҳудуди, ғалаба ҳудуди, “Шон-шараф” давлат музейи ва шукроналик ҳудудидан ташкил топган.
Боғда уруш ва унинг оқибатлари, уруш даври манзаралари, жумладан окоп ва блиндажлар, палаткалар, дала ошхоналари ва бошқа лавҳалар акс этган мажмуада ўша даврдаги ҳарбий техника ва қурол-яроғлар, Ўзбекистон халқининг фронт ва фронт ортида кўрсатган жасорати, машаққатли меҳнати, қайғу-алами, шунингдек, эришилган буюк ғалабага қўшган улкан ҳиссаси ифодаланган.
Боғнинг “Матонат мадҳияси” мажмуасида бутун ўзбек аёлларининг садоқати рамзига айланган зангиоталик Зулфия Зокирова ва унинг урушда ҳалок бўлган беш ўғлининг вафодор рафиқалари акс этган.
“Кўз ёши” мажмуаси урушнинг мудҳишлиги, миллати ва динидан қатъи назар, барча одамлар бирлиги рамзини ифодалайди.
“Шон-шараф” давлат музейининг юқори қисмида Иккинчи жаҳон урушида қатнашган 301 нафар қаҳрамонларимиз шарафига экилган дарахтлар, шунингдек “Мангу жасорат” деб номланган мажмуада афсонавий ўзбек генерали Собир Раҳимов ва барча ўзбекистонлик ботир жангчиларнинг сўнмас хотираси ифодаланган. Бу мажмуа юртимиздан етишиб чиққан қўрқмас, мард ва жасур, матонатли саркардалар, жангчилардан фахрланиш, жасоратларидан доимо ибрат олиш, дунёдаги энг буюк халқлардан бири эканлигимизни ҳис қилиш, Ватандошларимизда шу замин, шу юрт фарзанди эканлигидан ғурур, фахр-ифтихор туйғулари уйғонишига хизмат қилади.
Ҳар бир юртдошимиз “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрар экан, бу ердаги экспонатларни кўриб қалби ҳаяжонга тўлади.
Бу мажмуа бизни бугунги тинчлик-осойишталик, мусаффо осмон, фаровон ҳаёт қанчалик бебаҳо неъмат эканлигини, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш муқаддас бурч эканлигини англатади.
“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси раҳбарияти барча юртдошларимизни Иккинчи жаҳон уруши давридаги шонли тарихимиз акс этган мазкур масканга таклиф этади.