Гаити ва Ямайкада “Мелисса” тўфони оқибатида содир бўлган сув тошқинлари натижасида ҳалок бўлганлар сони 75 нафарга етди.
Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, октябрь ойи охирида Гаити, Ямайка ва Кубани қамраб олган “Мелисса” тўфони кўплаб қурбонлар ва вайронагaрчиликларга сабаб бўлган.
Гаити фуқаролик мудофаа бошқармаси маълумотига кўра, мамлакат бўйлаб 43 киши ҳалок бўлган, 7 киши бедарак йўқолган.
Идоранинг таъкидлашича, 11 952 та уй сув остида қолган, 176 таси бутунлай вайрон бўлган, яна 4 257 таси турли даражада зарар кўрган.
Ямайка бош вазири Эндрю Холнесс журналистларга маълум қилишича, мамлакатда 32 киши ҳалок бўлгани тасдиқланган, умумий моддий зарар эса 6–7 миллиард долларга баҳоланмоқда.
“Бу нафақат инсонпарварлик инқирози, балки тирикчилик, даромад даражаси ва маҳаллий иқтисодиёт учун ҳам жиддий зарба. Биз мисли кўрилмаган фалокатни бошдан кечирмоқдамиз. Сен-Томас, Сен-Элизабет, Вестморленд, Сен-Джеймс, Трелони ва Сен-Энн каби сайёҳлик ҳудудлари — мамлакатимиз юраги — қаттиқ таъсир кўрсатди”, — деди Холнесс.
Кубадаги қурбонлар сони ҳозирча маълум қилинмаган. Бироқ БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Гранма, Сантъяго-де-Куба, Олгин ва Гуантанамо провинцияларида 2,2 миллионга яқин одам бўрондан жабр кўрган.
БМТ маълумотларига кўра, Кубадаги 60 мингга яқин уй, шунингдек, 461 та тиббиёт муассасаси ва 1 552 та мактабда турли даражада зарар қайд этилган.