Ўзбекистон футзал терма жамоасининг юртимиз мезбонлик қилган Жаҳон чемпионатидаги иштироки ЎФА раҳбарияти томонидан танқидий руҳда кўриб чиқилганди. Мазкур натижа футзални ривожлантириш ва оммалаштиришнинг янги механизмини ишлаб чиқишни талаб этарди.
Ноябрь ойи давомида ЎФА мазкур масалани тўлиқ ўрганиб чиқиб, 2025 йилдан бошлаб бу борада қандай амалий ишлар олиб борилиши юзасидан якуний қарорга келди. Унинг дастлабки босқичида профессионал ва ҳаваскорлар футзални ҳамжиҳатликда ривожлантириш, шу асосида мамлакат терма жамоаларини шакллантириш, чемпионат ўйинларида рақобатни кучайтириш, клублар даражасини ошириш лозимлиги қайд этилди.
Бу тажриба муваффақиятли амалга оширилганини 2000 йиллар аввалида тузилган Футзал ассоциацияси мисолида эслаб ўтиш мумкин. Ўшанда ассоциациясининг фаол ташаббуслари натижасида юртимизда футзал жадаллик билан ривожланган ва натижалар яхшиланган.
ЎФА Ижроия қўмитасининг жорий йил 12 декабрь санасидаги йиғилиши баёнига асосан, мамлакат футзали ва соҳил футболи учун жавобгар алоҳида ташкилот (федерация) тузиш масаласи белгиланди. Айни вақтда ЎФА тегишли тартибда уни ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ ишларни амалга оширмоқда. Бу масалага оид барча тафсилотлар ЎФА расмий саҳифалари орқали ёритиб борилади.