Сурия Исроилга қарши ҳужумларни амалга ошириш учун таянч нуқтасига айланмайди. Бу ҳақда The Times газетасига берган интервьюсида Дамашқда ҳокимиятга келган Абу Муҳаммад ал-Жулоний лақаби билан танилган Аҳмад аш-Шараа айтиб ўтди.
Унинг таъкидлашича, мухолифат кучлари Дамашққа ҳужум қилган пайтда Исроил босиб олган Суриянинг ғарбий ҳудудларини тарк этиши керак бўлади.
«Исроил буни Ҳизбуллоҳ ва Эрон жангариларининг мавжудлиги билан изоҳлади, аммо бу энди аҳамиятли эмас», деди аш-Шараа.
«Биз 1974 йилдаги [кучлар тақсимоти] келишувига содиқмиз ва БМТ [кузатувчиларининг] қайтишига тайёрмиз. Биз на Исроил, на бошқа ҳеч ким билан тўқнашувни хоҳламаймиз ва Суриядан ҳужумлар учун таянч нуқтаси сифатида фойдаланишга йўл қўймаймиз. Сурияликларга тинчлик керак, зарбалар тўхтатилиши керак, Исроил эса аввал эгаллаб турган позицияларига чекиниши керак,» - дея қўшимча қилди у.
The Times нашрининг ёзишича, аш-Шараа Россия-Сурия муносабатлари мавзусига тўхталмаган, бироқ унинг ёрдамчиси Россиянинг мамлакатдаги ҳарбий базаларини сақлаб қолиши бўйича давом этаётган музокаралар ҳақида гапирган.