Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон футбол ассоциацияси тизимидаги футбол академиялари ва футбол мактаблари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тизимидаги футбол маҳорати мактаблари амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда Ўзбекистон футбол ассоциациясига ўтказилади ва улар футбол академиялари сифатида қайта ташкил этилади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида футбол мактаблари ташкил қилинади.
Ушбу қарор билан Ўзбекистон футбол ассоциацияси футбол академияларининг рўйхати, футбол академиялари ва футбол мактабларининг намунавий тузилмалари, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг футбол академиялари ва футбол мактаблари, Ўзбекистон футбол ассоциацияси футбол академияларининг директори, директор ўринбосарлари, тренери, спорт таҳлилчиси, спорт селекционери (скаут) ва бошқа айрим ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда уларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги Республика болалар ва ўсмирлар футбол академияси 2024/2025 ўқув йилидан эътиборан ўз фаолиятини бошлайди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мослаштирилган биноларда жойлаштирилган, етарли даражада самарали фаолият кўрсатмаётган мавжуд футбол мактабларини мақбуллаштириш ҳисобига уларнинг мол-мулки, спорт анжомлари ва тренер кадрларини Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги футбол мактабларининг моддий-техника ва ўқув базасини мустаҳкамлашга йўналтиради. Футбол академиялари ва футбол мактабларининг инфратузилмаси ҳамда моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, уларни замонавий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш чораларини кўради. 2024 йилдан бошлаб футбол мактаблари учун бино ва иншоотларни қуриш-таъмирлаш ишларини ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан биргаликда спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган спорт мактабларидаги иқтидорли футболчиларни футбол академияларига доимий равишда номзод сифатида йўналтириб боради, очиқ танлов асосида футбол академиялари ҳамда футбол мактабларини малакали кадрлар ва тренерлар билан тўлдириш юзасидан зарур чоралар кўриб боради.