"Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида"ги қонун бор мазкур қонуннинг 16-моддаси биринчи қисмига кўра, турар жой дахлсизлигига, ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, алоқа тармоқлари орқали узатиладиган почта, курьерлик жўнатмалари ва телеграф хабарларининг сир сақланишига бўлган ҳуқуқларни чекловчи, шунингдек абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасидаги боғланишлар тўғрисидаги ахборотни олишга қаратилган тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига прокурор санкцияси асосида йўл қўйилади. Банк сирини ташкил этувчи маълумотларни олишга қаратилган тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига прокурор санкцияси асосида йўл қўйилади, бундан қонунчиликда белгиланган ҳоллар мустасно.
☝️Бундан тушиниш мумкинки, фуқарони телефонини текшириш учун прокурорнинг санксияси керак. Бусиз фуқаронинг телефонини ҳеч ким текширишга ҳақли эмас.
Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишга тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланган асослантирилган қарор асосида йўл қўйилади, прокурор бу ҳақда йигирма тўрт соат ичида албатта хабардор қилинади.
Яъни бу ерда ҳам икки шарт бўлиши керак, биринчиси, кечиктириб бўлмайдиган ҳолат бўлиши керак, иккинчиси, тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишга тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланган асослантирилган қарор бўлиши керак. Яъни агар кечиктириб бўлмайдиган ҳолат бўлса ҳам, ходим қўлида асослантирилган қарор бўлиши шарт.