Бугун 6 июнь, 2025 йил, жума

O'ZB

Фуқаролик процессуал кодексига киритилган сўнги ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида

A A A
Фуқаролик процессуал кодексига киритилган сўнги ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида

Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб кучга кирган «Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунга асосан нимлар ўзгарди?

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг «Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» ЎРҚ-887-сонли қонунига асосан 2024 йил 1 январдан бошлаб, ишларни вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўриш босқичлари жорий этилди.

Унга кўра, биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори ёки ажрими устидан апелляция шикояти (протести) ёки хусусий шикоят (протест), биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки ажрими устидан кассация шикояти (протести) ёки хусусий шикоят (протест), биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори устидан тафтиш шикояти (протести) ёки хусусий шикоят (протест) берилиши мумкинлиги белгиланди.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, апелляция шикояти (протести) суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида, суднинг соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори устидан эса апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида, кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) эса биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкин.

Шунингдек, ушбу муддатлар ўтказиб юборилган тақдирда, шикояти (протести) бераётган шахснинг илтимосномасига кўра тегишли инстанция судининг судьяси томонидан, агар илтимоснома шикоят (протест) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддат суд томонидан узрли деб топилса, тикланиши мумкинлиги белгиланди.

Бундан ташқари, қонун билан апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларининг ишни кўриш доираси ва ваколатлари белгилаб берилди. Унга кўра, суд ишни апелляция, кассация ва тафтиш тартибида кўраётганда суд ҳужжатларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширади ва янги далилларни ўрганиб чиқиши ва янги фактларни аниқлаши мумкин. Шунингдек, апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияси суд ҳужжатини тўлиқ ҳажмда текшириб чиқиши шартлиги белгиланди.

Шу билан бирга, апелляция ва кассация инстанциялари ишни кўриш чоғида Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексининг 3722-моддаси биринчи қисмининг 4-бандида (билдирилган талаб бўйича суд томонидан суд ҳужжатининг қабул қилинмаганлиги) ва 3724-моддаси иккинчи қисмининг 2 (иш суд томонидан суд муҳокамасида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган, аммо суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинмаган шахслардан бирор-бири йўқлигида кўрилган бўлса) ва 4-бандларида (суд ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги масалани ҳал қилган бўлса) назарда тутилган асослар аниқланганда, апелляция ва кассация инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга, тафтиш инстанцияси суди эса Кодекс 3722-моддаси биринчи қисмининг 4-бандида ва 3724-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун апелляция ёки кассация инстанцияси судига юборишга ҳақли эканлиги белгиланди.

Ушбу Қонун билан суд ишларини кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам берилиб, ишларни вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўриш босқичлари жорий этилди. Шунингдек, ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судида тафтиш тартибида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида қайта кўрилиши белгиланди. Бу билан, юқори турувчи судлар томонидан қуйи судларнинг бекор қилинган қарорларини янгидан кўриш учун қайтадан ушбу судларга юбориш тартиби чиқариб ташланиб, ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилди.

Бир сўз билан айтганда, ушбу Қонун фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган суд орқали ҳимоя қилиниш ва судга шикоят қилиш ҳуқуқларининг кафолатларини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек қонуний манфаатларини янада кенгроқ ҳимоя қилишга, одил судловдан фойдаланиш даражасини янада оширишга, суд қарорларини қайта кўришда ўрта бўғин — вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар имкониятларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади.

Киритилди: 07:49 12.06.2024. Ўқилди: 1473 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!