Бугун 14 октябрь, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Францияда яна бош вазир этиб тайинланган Лекорну ҳукумат тузди

Францияда яна бош вазир этиб тайинланган Лекорну ҳукумат тузди

Яқинда истеъфога чиққан, аммо президент Эммануэль Макрон томонидан қайтадан бош вазир этиб тайинланган Себастьян Лекорну янги Франция ҳукумати тузилганини эълон қилди.

Лекорну шу ҳафта бошида аввалги вазирлар маҳкамасидаги келишмовчиликлар сабабли истеъфо берган ва 10 октябрь куни Макрон уни яна бош вазир сифатида тасдиқлаган эди. Орadan кўп ўтмай, у янги ҳукуматни тақдим этди.

Америкадаги X компаниясининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида эълон қилинган баёнотда Лекорну тузилган ҳукуматнинг асосий вазифаси “Франция бюджетига йил охиригача кафолат яратиш” эканини таъкидлади.

Сиёсатчи “мамлакат манфаатларини шахсий ва партиявий амбициялардан устун қўйган” вазирлар маҳкамаси аъзоларига миннатдорлик билдириб, “ягона устуворлик — давлат манфаатлари” эканини қайд этди.


Лекорну ҳукуматининг асосий таркиби:

  • Лоран Нюнес — ички ишлар вазири

  • Катрин Воутрен — мудофаа вазири

  • Жералд Дарманин — адлия вазири

  • Роланд Лескюр — молия вазири

  • Энни Женвард — қишлоқ хўжалиги вазири

  • Эдуард Геффре — таълим вазири

  • Жан-Ноэль Барро — ташқи ишлар вазири

  • Рашида Дати — маданият вазири

  • Стефани Писте — соғлиқни сақлаш вазири

  • Наим Мутшу — чет эл ҳудудлари вазири

  • Марина Феррари — спорт вазири

  • Филипп Табаро — транспорт вазири


Францияда бюджет бўйича келишмовчиликлар

Мишель Барнье бошчилигидаги марказчи ҳукумат бор-йўғи уч ой фаолият кўрсатган ва 2024 йил 4 декабрда, 2025 йилги бюджет бўйича келишмовчилик сабаб мухолифат ташаббуси билан ўтказилган ишончсизлик вотуми натижасида ағдарилган.

Шундан сўнг, 2024 йил 13 декабрда президент Макрон Франсуа Байруни бош вазир этиб тайинлаган эди. Давлат қарзининг юқорилиги сабаб, янги бюджет музокаралари ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги асосий тортишув нуқтасига айланган.

Байру 2026 йилги бюджет муҳокамаси олдидан ҳукуматга ишонч овози сўрашини маълум қилган, бу режа бир нечта давлат байрамларини бекор қилиш орқали тахминан 43 миллиард евро тежашни кўзда тутган эди. Бу қарор мамлакат бўйлаб нороозилик намойишларига сабаб бўлган.

Бироқ 8 сентябрь куни унинг ҳукумати ишонч вотумини қўлга кирита олмади ва ағдарилди.

Шундан сўнг, 9 сентябрь куни Макрон собиқ мудофаа вазири Себастьян Лекорнуни бош вазир этиб тайинлади. 5 октябрь куни у янги ҳукумат тузди, аммо жамоатчилик танқиди ортидан эртаси куни истеъфо берди.

Киритилди: 15:05 13.10.2025. Ўқилди: 336 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!