Ишлаб чиқариш камайишининг асосий сабаби — бу ёзда узумзорларга катта зарар етказган иссиқ ҳаво ва қурғоқчилик. Бундан ташқари, вино истеъмолининг камайиши, узумзорлар майдони қисқариши ва Дональд Трамп ўтган йили жорий қилган божлар сабаб АҚШда савдонинг пасайиши ҳам таъсир кўрсатган.
Францияда бу йил 33,9 млн гектолитр, яъни тахминан 4,5 млрд стандарт шиша вино ишлаб чиқарилиши прогноз қилинмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан 6 фоизга, 2021–2025 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан эса 17 фоизга кам.
Франция ҳукумати 4 август куни вино ишлаб чиқарувчиларга 1 миллиард евро фавқулодда ёрдам ажратишини маълум қилган. Қишлоқ хўжалиги ходимлари ташкилотлари эса бу маблағ етарли эмаслигини билдирган.
Франция вино ишлаб чиқариш ҳажми бўйича дунёда Италиядан кейин иккинчи ўринда, экспортдан тушадиган даромад бўйича эса биринчи ўринда туради.
Иқлим муаммолари ва АҚШ божларидан ташқари, Франция виночилари истеъмолнинг узоқ муддатли пасайишига ҳам дуч келмоқда. Иқтисодий қийинчиликлар ва соғлом турмуш тарзига интилиш сабаб одамлар тобора камроқ вино истеъмол қилмоқда.
Шу сабабли узумзорлар майдони ҳам қисқармоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, бу йил узумзорлар майдони ўтган йилга нисбатан 2,5 фоизга камайган.