Франция ҳарбий-денгиз кучлари Британия кўмагида Атлантика океанида санкциялар остидаги Россиянинг «Тагор» нефть танкерини қўлга олди.
Франция президенти Эммануэль Макрон маълум қилишича, кема Россиянинг «соя флоти» таркибига киради ва халқаро санкцияларни четлаб ўтишда гумон қилинмоқда.
Танкер Франциянинг Бретань яримороли ғарбида, тахминан 700 километр масофада ушланган. Француз расмийларига кўра, у сохта байроқ остида ҳаракатланган.
Бу Франция томонидан ўтган йил сентябридан бери Россиянинг «соя флоти»га мансуб кемага нисбатан амалга оширилган тўртинчи шундай операция ҳисобланади.
Макроннинг таъкидлашича, операция Британия билан ҳамкорликда ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ ўтказилган.
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, операцияни HMS Somerset бортидан ҳавога кўтарилган ҳарбий вертолёт қўллаб-қувватлаган.
«Россиянинг Украинага қарши уруши молиялаштирилишига хизмат қилаётган “соя флоти” кемаларига қарши иттифоқчиларимиз билан ҳаракатларни кучайтирмоқдамиз», — дейилди Британия Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков эса мазкур ҳаракатларни «ноқонуний» деб баҳолаб, уларни «халқаро қароқчилик» деб атади. Унинг сўзларига кўра, Москва операция халқаро ҳуқуққа тўлиқ мувофиқ амалга оширилгани ҳақидаги даъволарга қўшилмайди.