Гренландия музокара буюми эмас ва унинг аҳолисига тегишли.
Бу ҳақда Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро France Inter радиоси орқали маълум қилди.
"Гренландия сотилмайди. У Гренландияга тегишли ва унинг келажаги Гренландия ва Дания расмийлари ўртасидаги келишувлар доирасида белгиланади", — деди у.
Унинг сўзларига кўра, бир НАТО давлатининг бошқасига ҳужум қилиши маъносиз ва АҚШнинг ўз манфаатларига зид бўлади. Вазир, шунингдек, бу масалани АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан муҳокама қилганини ва у Вашингтон ҳарбий сценарийни кўриб чиқмаётганини тасдиқлаганини таъкидлади.
Барронинг қўшимча қилишича, Франция ўз ҳамкорлари билан Қўшма Штатлар Гренландияни босиб олиш таҳдидини амалга оширишга уринса, фавқулодда вазият режаси устида ишламоқда. Унинг таъкидлашича, бу масала унинг Германия ва Польша ташқи ишлар вазирлари билан учрашувида муҳокама қилинади.
"Биз ҳаракат қилмоқчимиз, лекин буни европалик ҳамкорларимиз билан бирга қилишни хоҳлаймиз", деди вазир.