Франция АҚШ ва Эронга Ҳормуз бўғози масаласини можаронинг бошқа жиҳатларидан алоҳида тарзда муҳокама қилишни таклиф қилди.
Елисей саройи баёнотига кўра, мазкур масала “умумий манфаатларга эга” бўлиб, уни ҳал қилиш учун кўп миллатли хавфсизлик миссиясини ташкил этиш мумкин.
Le Figaro ёзишича, Франция томони Эрон танкерларига бўғоздан ўтишга рухсат беришни, бунинг эвазига Теҳронни музокараларга рози бўлишга чақирмоқда. Шу билан бирга, АҚШдан ҳам блокадани бекор қилиш талаб этилмоқда.
Axios манбаларига кўра, Вашингтон Теҳрондан англашув меморандуми бўйича 48 соат ичида жавоб кутмоқда.
Маълум қилинишича, музокаралар Стив Виткофф ва Жаред Кушнер иштирокида тўғридан-тўғри ҳамда воситачилар орқали, жумладан Покистон орқали олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, дунё нефти ва суюлтирилган газининг тахминан бешдан бир қисми ўтадиган Ҳормуз бўғози март ойидан буён ёпиқ ҳолатда қолмоқда.