Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) раҳбари Кэш Пател Перл-Харборда чўкиб кетган "USS Arizona" линкори яқинида ёпиқ тарзда маска ва найча билан сузиш билан шуғуллангани ҳақидаги Associated Press хабаридан сўнг кескин танқид қилинди.
Агентлик маълумотларига кўра, ўтган ёзда Пателнинг Гавайи оролларига ташрифи чоғида ФҚБ расман уни Гонолулудаги ишчи учрашувлари ҳақида хабар берган, бироқ АҚШ кемаси ҳалок бўлган жойга уюштирилган экскурсия ҳақида лом-мим демаган.
Маълумот учун, "USS Arizona" ҳарбий қабристон ҳисобланади. 1941 йилда Япониянинг Перл-Харборга қилган ҳужумидан сўнг, у ерда 900 дан ортиқ денгизчи ва денгиз пиёдалари дафн этилган ҳоки қолган. Кема яқинида снорклинг (маска ва найча билан сузиш) ва дайвинг (сув остига шўнғиш) билан шуғулланиш қатъиян тақиқланган.
АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари Associated Press агентлигига экскурсия бўлганлиги ҳақидаги фактни тасдиқлади, бироқ унинг ташаббускори ким бўлганига аниқлик киритмади. ФҚБ эса агентлик сўровларини жавобсиз қолдирди. Қўшма Штатлар Ҳарбий-денгиз кучлари фахрийси Хэк Албертсон журналистлар билан суҳбатда "USS Arizona" яқинидаги сузишни "черковдаги бўйдоқлар базми"га қиёслади ва Перл-Харборни "муқаддас замин" деб атади.