Тошкент шаҳао ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қизи инстаграмдаги саҳифасида қимматбаҳо автомобил ва ВИП-фойдаланувчилар учун мўлжалланган хусусий самолётда дам олгани акс этган суратларни жойлаштирди.
Ортиқхўжаева дабдабали ҳаёти акс этган ушбу суратларини бироз аввал саҳифасидан ўчириб ташлади. Бироқ, блогерлар суратларни сақлаб олишга ва турли ижтимоий тармоқларда тарқатишга улгурган эди. Шу сабаб турли тармоқларда мазкур мавзуда баҳслар авж олган. Баъзилар шаҳар ҳокимининг қизи хайр-эҳсон қилиш ўрнига ВИП-фойдаланувчилар учун махсус самолётларда учаётгани ҳақидаги фактларни рад этди. Бошқалар эса яқиндагина ҳокимнинг ойлик маоши 3,2 миллион (380 АҚШ доллари) экани ҳақида берган маълумотини эслашди ва унинг маоши бундай ҳашаматга қандай қилиб етаётгани ҳақида савол беришди. "Иш ҳақининг аҳамияти йўқ. Лекин наҳотки отаси қизига камтарликни ўргатмаган бўлса? Ахир у халққа хизмат қилмоқда. Бизнинг халқимиз эса жудаям камтар", деб ёзади фойдаланувчилардан бири.
Гуруҳнинг бошқа аъзолари эса айрим фотосуратлар бир йил олдин, яъни Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳоким бўлгунига қадар олинганига эътибор қаратишди. "Умуман олганда, нима учун сиз бировга ўз меҳнати билан топган пулини қандай сарфлашни ўргатмоқчи бўляпсиз? Сизнингча, одам бой бўлгани учун бутун атрофдагиларга масъул бўладими? Ёки ҳоким бўлгани учун?" дейди "Снос-Тошкент" гуруҳининг яна бир аъзоси.