Бугун 24 ноябрь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Фирибгарни қандай таниб олиш мумкин?

Фирибгарни қандай таниб олиш мумкин?

Пластик картадан пул ўғирлаш ниятидаги фирибгарларни қандай фарқлаш мумкин? Улар қандай сўзлар билан алдашга уринишади? Марказий банк матбуот хизмати шу каби саволларга жавоб берди.

Марказий банк кузатувлари ва мурожаатлар хулосасига кўра, фирибгарлар асосан фуқаронинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, ўзини Марказий банк, тижорат банки, тўлов ташкилоти ёки тўлов тизими операторининг номидан хавфсизлик, пластик карта, мижозларни қўллаб-қувватлаш ёки бошқа бўлим ходими деб таништиради.

Бундай шахслар мижознинг мобил иловаси бузилгани, банк картаси блок ҳолатига тушгани, картадан ноқонуний пул ечиб олишга уринишлар бўлаётгани ва шу каби турли уйдирмаларни келтиради ҳамда агар дарҳол чора кўрилмаса, барча маблағлардан айрилиши ҳақида айтиб, турли ижтимоий инженерингни қўллаган ҳолда, психологик босим ўтказишга уринади.

Фирибгарлар телефонингизга юборилган бир марталик СМС-кодни сўраб, сизга ёрдам беришни таклиф этишади.

Фирибгарларнинг тузоғига тушмаслик учун умумий белгиларни эслаб қолиш зарур:

  • қўнғироқ ёки СМС-хабар яширин ёки бегона рақамлардан келади;
  • зудлик билан қарор қилишга ундаш, «тезроқ», «ҳозироқ», «кейин тушунтираман», «тезроқ керак» каби сўзлар билан саросимага солишга уринишади;
  • телефон орқали фирибгарлик қилувчи шахслар ўзларини жуда ишончли тутиб, босим ўтказиши ёки аксинча мулойимлик билан ва бошқа турли усуллар ёрдамида мижозни ўзига ишонтиришади. Бунда уларнинг асосий мақсади – мижозни шубҳалантирмаслик ҳамда фикрлаш учун фурсат қолдирмасдан шошилинч қарор қабул қилишга ундашдир;
  • муайян саволлар берганингизда аниқ жавобнинг йўқлиги ёки чалкашлик ҳолати кузатилади;

паспорт маълумотлари, карта рақами билан унинг амал қилиш муддатини, сизга жўнатилган тасдиқловчи кодни ёки бошқа шахсий маълумотларни сўрашади (эслаб қолинг, аслида картага пул ўтказиш учун фақатгина карта рақамини билиш етарли).

«Танловда ғолиб бўлдингиз» каби турли қизиқтирувчи хабарлар йўллаб, совринлар, қулай тарифлар, совғалар таклиф этган ҳолда улар учун «қўшимча тўловлар», «гаров пули қўйиш» ёки бошқа йўллар билан пул ўтказишни сўраш – телефон орқали қўлланиладиган фирибгарлик белгиларидан.

«Aгар фирибгарлик ҳолатларидан гумонингиз бўлса, дарҳол сизга хизмат кўрсатувчи банкка телефон орқали ёки ёзма мурожаат қилинг ва ҳолат ҳақида хабар беринг. Қайси телефон рақамидан қўнғироқ бўлгани, мурожаат қилган шахс ўзини ким деб таништиргани ва қандай маълумотларни сўрагани бўйича батафсил маълумот йўлланг.

Ҳеч қачон телефонингизга келган банк карталари билан боғлиқ бир марталик юборилган СМС-кодни, тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг мобил иловаларига кириш ҳуқуқини берувчи логин ва паролларни ҳеч қандай шахсларга айтманг. Улар сиздан олган маълумотлар (СМС-код, логин ва парол) орқали банк картангиздаги пул маблағларини кўчириб олиш ёки сизнинг рухсатингизсиз бошқариш имконини қўлга киритади», – дейилади Марказий банк чақирувида.

Киритилди: 10:20 13.05.2021. Ўқилди: 2713 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!